Аҳолини табиий газ билан узлуксиз таъминлашда қандай муаммо ва имкониятлар бор?

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиалидаги инновацион марказда рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда табиий ва суюлтирилган газ истеъмолчиларини онлайн назорат қилиш юзасидан ташкил этилган имкониятлар билан танишди.

"Ҳудудгазтаъминот" акциядорлик жамияти раиси ўринбосари Т.Турдиев, “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали директори А.Муҳаммадиев янги инновацион марказнинг афзалликлари, бу ерда аҳоли ва улгуржи истеъмолчилар учун яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Таъкидландики, ушбу марказ томонидан вилоятдаги 283 минг 802 та табиий газ истеъмолчилари томонидан табиий газ истеъмоли, газ тўловлари сингари маълумотлар инсон омилисиз, масофадан онлайн режимида бошқарилади. Табиий газ истеъмолчилари учун барча маълумотлар автоматик равишда юборилади.

Шунингдек, вазиятлар маркази давлат нотариал идоралари, давлат солиқ қўмитаси, ички ишлар вазирлиги, давлат хизматлари маркази сингари ўнлаб идоралар билан интеграциялашган ҳолда фаолият юритади. Аҳоли ва улгуржи истеъмолчилар томонидан табиий газ тўловларини онлайн тарзда амалга оширишлари учун имконият юзага келади.

Шундан сўнг вилоят ҳокими раислигида “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали ва унинг шаҳар ва туманлар бўлимлари томонидан ижро интизоми ҳолати, тизимда рақамли технологияларни қўллаш масалалари ва дебитор қарздорликни камайтириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, эришилган ютуқ ва йўл қўйилган камчиликлар таҳлил этилди.

“Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали ахборот хизмати.