Аҳолиси камайиб, демографик ҳалокатга юз тутаётган мамлакатлар

Дунё мамлакатларидаги туғилишнинг камайиши ва умр кўриш давомийлигининг ошиши соғлиқни сақлаш ва пенсия харажатлари ошиб боришини келтириб чиқаради. Шу билан бирга, бу ҳолат вақт ўтиши билан кенг кўламли инқирозга олиб келиши мумкин.

Демографларнинг таъкидлашича, аҳоли барқарорлигини сақлаб қолиш учун ҳар бир аёлга туғилиш коэффициенти камида 2,2 (иккитадан кўп фарзанд) бўлиши керак, бироқ АҚШ, Жанубий Корея каби мамлакатларда бу кўрсаткич 2 дан пастга тушиб кетган.

Ушбу тенденцияни иммиграция юмшатиши мумкин, лекин вазиятни тубдан ўзгартира олмайди. Экспертлар демографияси белгиланган муддатга бориб портлайдиган бомбага айланиб бораётган давлатларни аниқлади, деб ёзади Business Insider.

Picture background

Америка Қўшма Штатлари. Мамлакатда ўртача умр кўриш даражаси анча юқори бўлиб, 78,7 йилни ташкил этади. 2017 йилда АҚШда туғилиш даражаси рекорд даражани қайд этди ва 1,76 га тушди. Вазиятга 2008 йилдаги иқтисодий таназзул, шунингдек, олий ўқув юртларидаги ўқиш тўлови нархларининг юқорилиги таъсир қилган бўлиши мумкин, дея таъкидлайди мутахассислар. Эндиликда мамлакатда туғилиш даражаси 1970 йиллар даражасидан ҳам паст, аёллар 35 ёшдан кейин она бўлишни афзал кўради. Гарчи иммигрантлар сони ортиб бораётган бўлса-да, ишчилар нисбати пенсия олувчилар фойдасига ўсишда давом этиб бормоқда.

Picture background

Испания. Ҳар бир испаниялик аёлга ўртача 1,5 бола тўғри келади. Ўртача умр кўриш ЕИда энг юқори кўрсаткичларга эга бўлган бу мамлакатдаги аёллар Европада ҳаммадан кечроқ фарзанд кўришади. Шунингдек, Испанияда бир неча йиллардан бери ўлим даражаси туғилиш даражасидан баланд ва баъзи шаҳарлар деярли ҳувиллаб қолган. Демографик инқирознинг қайғули мисоли бўлган Арагон шимоли-шарқий минтақасидаги Ла Эстрелла қишлоғида фақатгина 80 ёшдан ошган икки қария истиқомат қилади.

Picture background

Италия. 2017 йилда Италияда туғилиш даражаси антирекорд ўрнатиб, атиги 464 минг чақалоқ туғилди. Сўровлар кўплаб италияликлар икки ёки ундан ортиқ фарзанд кўришни хоҳлашини кўрсатди, аммо иқтисодий қийинчиликлар уларга бундай қилишга йўл бермайди.

Picture background

Латвия. Сўнгги 15 йил ичида аҳолининг деярли 20 фоизи Латвиядан кўчиб кетган, дейди экспертлар. 2017 йилда мамлакат аҳолиси икки миллион кишини ташкил этди. 2050 йилга келиб, у ерда фақат 1,52 миллион қолиши мумкин.

Жанубий Корея. Жанубий Кореяда туғилиш коэффиценти 1,26 ни ташкил этади, бу аҳоли барқарорлигини таъминлаш учун етарли эмас. Демографларнинг қайд этишича, мамлакатдаги аёллар 31 ёшда биринчи фарзандини дунёга келтиришади, бу дунёдаги энг максимал кўрсаткич дегани. Вазиятни ўзгартириш учун Жанубий Корея ҳукумати иккинчи ва ундан кейинги болалар учун пул тўловлари ва ёш оталар учун оталик таътиллари ҳам жорий этган.

Япония. Бу ердаги вазият мамлакатдаги муҳожирлар оқими кузатилмаслиги орқали мураккаблашади. Ишлайдиганлар тобора камайиб бормоқда, солиқлар қисқармоқда ва пенсионерлар сони, аксинча, ҳар йили ўсиб бормоқда (Япония узоқ вақтдан бери ўртача умр кўриш бўйича рекорд ўрнатиб келади).

Буюк Британия. Сўнгги ўн йил ичида Буюк Британияда туғилиш даражаси рекорд даражага тушиши билан бирга, 65 ва ундан катта ёшдаги аҳоли сони барқарор ўсиб бормоқда. The Guardian маълумотларига кўра, Буюк Британиядаги ҳар етти кекса одам (тахминан 1,4 миллион фуқаро) ёши ва касаллиги туфайли керакли ёрдамни олмайди.

Хитой. Бу рўйхатда аҳолиси энг кўп бўлган мамлакатни кўришни ҳеч ким кутмаган бўлса керак. Аммо ҳақиқат шундаки, Хитойда демографик вазият жуда ноқулай. Хитой “Бир оила - бир фарзанд” дастури оқибатлари, аҳолининг қариши ва аёллардан кўра эркакларнинг кўплигини бошдан кечирмоқда.

2016 йилда хитойлик оилаларга иккита фарзанд кўришга рухсат берилди. Эндиликда фарзанд кўриш учун молиявий рағбатлантиришлар ва барча демографик чекловларни бекор қилиш таклифлари кўриб чиқилмоқда.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.