Акс-садо: «Бугуннинг ўқитувчиси. Биз унинг савиясидан нега қониқмаяпмиз?»
(zarnews.uz, 30 апрель, “Зарафшон” газетаси, 2019 йил, 30 апрель 54-55-қўшма сон)
***
Ўқитувчининг савияси ҳақида умумий танқидий фикрлар кўп айтиляпти. Аммо мақола муаллифи бу ҳолатни чуқур таҳлил қилган. Гарчи аччиқ туюлса-да, бор гапни айтган.
Бир нарсага ўзим гувоҳ бўлганман. Айрим (кўпчилик дейишдан тийилдим) ўқитувчилар аллақачон конспект ёзмай қўйишган. Интернетдан электрон вариантларни чиқариб олишади. Баъзилари ўша тайёр матнни ўқиб ҳам кўришмайди. Аслида бу “конспектингиз борми?” деганда, “мана, бор” деган хўжакўрсинликдир.
Гулрух Холмирзаева,
Булунғур туманидаги 49-умумий
ўрта таълим мактаби директори ўринбосари.
***
Истаймизми, йўқми, бу мақола юзимизни ойнадек кўрсатиб берди. Камчиликларимизнинг асосий сабабларигача айтилган. Ҳатто олдимиздаги вазифалар аниқ кўрсатиб берилган.
Аллақачон айтилиш керак эди бу гаплар. Давлатимиз раҳбари биз, педагоглар учун катта ғамхўрликлар қилаётган бир пайтда, қўл қовуштириб менинг бўларим шу, деб туришимиз таълимга нисбатан ўта ҳурматсизликдир.
Муаллиф таъкидлаганидек, агар муаллимда иштиёқ, виждон бўлмаса, малака ошириш курслари, ҳатто кўрилаётган чоралар ҳам иш бермайди.
Ўқитувчи уйғониши керак, у ўзининг жамиятдаги ўрнини топиши керак. Мактабларда таълим сифатига салбий таъсир кўрсатувчи ҳар бир ҳолатга қарши аёвсиз курашмоқ керак.
Жонибек Алимов,
Нарпай туманидаги 69-умумий ўрта таълим
мактабининг тарих фани ўқитувчиси.
***
Ҳар бир ўқитувчи ведомостга имзо чекиб, маошини олаётганда ўзига “мен шу ойлигимга яраша иш қила олдимми?” деган саволни берсин.
Биламан, йиллар давомида шаклланган боқибеғамлик кайфиятини ўзгартириш осон эмас. Лекин аста-секин бўлади, деб ўтирмаслик керак. Биз, раҳбарлар ҳозирданоқ ҳар бир ўқитувчи масъулиятини ошириш чораларини кўрмоғимиз лозим.
Яшириб нима қиламиз, аксарият муаллимларда янги педагогик технологияларни қўллаш кўникмаси йўқ. Фақат назорат ва талаб орқали бу жараённи жонлантириш мумкин. Назаримда, барча мактабларда бу мақола муҳокама этилиб, камчиликларни тузатиш юзасидан чоралар белгиланиши зарур.
Хайринисо Мардиева,
Оқдарё туман 5-умумий ўрта таълим мактаби
директори ўринбосари.