Алиментдан қарздорлик жамғарма ҳисобидан тўлаб берилади
Президентнинг тегишли фармони билан Мажбурий ижро бюроси тизимида Алимент тўловлари жамғармаси ташкил этилди. Мазкур жамғарма маблағлари қарздор вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда, алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни қоплаб беришга йўналтирилиши белгиланган.
Мисол учун, Жомбой туманлараро судининг 2014 йил 24 мартдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор М.Л.дан ундирувчи И.Л. фойдасига икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир қисм миқдорида алимент ундириш белгиланган бўлса-да, қарздор бир неча маротаба огоҳлантирилганлиги ва маъмурий жазога тортилганига қарамай алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган. Оқибатда унга қарши жиноий иш очилган.
Жиноят ишлари бўйича Жомбой тумани судининг 2020 йил 21 февралдаги ҳукмига асосан судланувчи М.Л. Жиноят Кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, 1 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва ундан фуқаро И.Л. фойдасига 26 миллион 137 минг сўм миқдордаги зарарни ундириш тўғрисида қарор чиқарилган.
Айни кунда мазкур ижро ҳужжатида белгиланган маблағ Алимент тўловлари жамғармаси томонидан ундирувчи номига очилган банк картасига кўчириб берилди. Айтиш жоизки, мазкур тажриба фуқароларни алимент пулларининг ундирилмай қолишидан ҳимоя қилибгина қолмай, жараёндаги узоқ куттиришларнинг ҳам олдини олиш имконини бермоқда.
Фируз ЖЎРАҚУЛОВ,
Бюронинг Жомбой туман бўлими давлат ижрочиси.