Аллергияси бор беморлар CОVID-19'га қарши вакцина олиш мумкинми?

Ушбу саволга аллерголог Жасур Давлатов жавоб берди:

— Aллергик касалликларга чалинган беморларда бронхиал астма ёки бошқа аллергик касалликларни назорат қилиш мумкин бўлса, эмлаш учун қарши кўрсатмалар мавжуд эмас. Нафаси қисилаётган, бурни оқиб аксираётган, танаси қичиб тошма тошган беморлар эмланиши кечиктирилади.

Европа аллергологлар ва клиник иммунологлар академияси маълумотларига кўра, оғир аллергик реакциялар, масалан, бронхиал астма, овқат аллергияси, аллергодерматоз CОVID-19га қарши эмлашга қарши кўрсатма эмас. Оилавий анамнезида аллергик реакциялар бўлган беморларни ҳам эмлаш мумкин.

Фақатгина, аллергик касалликларнинг авж олган даври эмлаш учун вақтинча қарши кўрсатма ҳисобланади. Эмлашни аллергиянинг ўткир симптомлари тугагандан кейин ва авж олмасдан олдинроқ олиш мақсадга мувофиқ.