Амир Темур даврида тартиб қандай сақланган?
Ички ишлар органлари мансабдорлари йасағлиқ, деб аталган ва улар давлат ва жамиятнинг тинчлигини сақлашга масъул бўлган.
Ҳуқуқни муҳофаза этувчи таркиблардан яна бири шихналар деб аталган ва улар ҳарбий маъмурлар сифатида шаҳарлардаги тинчликни сақлашга масъул бўлган.
Амир Темур даврида қурчи деб аталган мансабдорлар давлатнинг қурол-яроқларини авайлаб-асраган, уларнинг қаерга ва ким учун ишлатилаётганлигини назорат қилган, подшоҳ саройини қўриқлашган.
Ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар ихтисослашган. Улар кундузги, тунги ҳамда фуқаролик ва ҳарбий бўлинмаларга ажратилган. Шунингдек, ҳар бир ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар ўз маълумотларини салтанат марказига етказган. Давлат сири билан боғлиқ масалалар махфий кенгашларда, иккинчи даражали масалалар саройнинг очиқ кенгашларида кўриб чиқилган, ҳудудлардаги мавжуд аҳволга монанд чора-тадбирлар кўрилган.
Ҳуқуқни муҳофаза этиш ишлари билан нафақат махсус органлар, балки ҳар бир ҳудуднинг маъмурлари ҳам шуғулланган. Уларнинг барчаси давлат ва фуқароларнинг тинчлик, хотиржамлигини таъминлашга масъул бўлган. Маъмурий тартибдаги кичик ҳуқуқбузарликларни жазолашган. Агарда давлатга, шахсга, ҳаётга ва соғлиққа қарши жиддий жиноятлар содир этилса, улар тегишли қозиликларда кўрилган ҳамда муносиб жазолар тайинланган.
Соҳибқирон давлатининг мажбурлов функциясини ташкил этишдан асосий мақсади оммани қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, жиноятларнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларга муқаррар равишда жазо тайинлаш, давлат ва жамиятнинг тинчлиги ҳамда хотиржамлигини сақлаш бўлган. Бу даврда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни очишда ҳақиқатни аниқлаш муҳим аҳамият касб этган. Амир Темур ўз тузукларида бу ҳақда алоҳида тўхталади:
"Буюрдимки, ғаразгўй, туҳматчи ва нафси бузуқ кишиларнинг туҳмат сўзлари билан катта ва кичик шаҳарлар аҳолисидан ҳеч кимни жазоламасинлар. Фақат бировнинг гуноҳи тўрт кишининг гувоҳлик бериши билан исботланса, гуноҳига яраша жазолансин".
Давлатнинг мажбурлов кучини сақлаб туришда судлар катта аҳамият касб этган. Судлар ихтисослашган бўлиб, уларнинг уч хил тури мавжуд эди. Биринчиси, лашкар қозиси. Бу қозилик ҳарбий масалаларга оид жиноят ва жазо масалаларини кўрган. Иккинчиси, шариат қозиси бўлиб, у шариат билан боғлиқ жиноят ва низоларни кўриб чиққан. Учинчи қозилик дунёвий-фуқаролик ва давлатга тегишли бўлган масалаларни – ўғирлик, молиявий ва маъмурий соҳаларга оид ишларни кўрган.
Ушбу қозиликларнинг ҳар бирининг аниқ ва алоҳида вазифалари изчил белгиланган. Судлар фаолияти ҳақидаги барча маълумотларни тўғридан-тўғри девонга – шахсан Соҳибқиронга узлуксиз ҳисобот бериб турган ва суд-ҳуқуқ тизими қатъий қонунийлик ва адолат тамойилига асосланган.
Адолат ва қонун устуворлиги тамойили нафақат мамлакатда, халқаро муносабатларда ҳам бош мезон бўлган. Бу ҳақда Шарофиддин Али Яздий шундай маълумот келтиради: "Вилоятларни золимларнинг эликларидин қутқариб, адлу эҳсон била ороста қилди. Ва анинг адлидин андоқ бўлдиким, агар биров бир табак олтун ё кумуш бошига қўйуб йалғуз саҳрода Ботардин Ховарғача боргай, ҳеч киши анга тик боқа олмас эрди. Аммо ул ҳолда кўб ерларни талаб асиру торож қилди зарурат жиҳатиданким, агар андоқ қилмаса эрди, олам низом топмас эрди".
Шарофиддин Али Яздийнинг фикрича, агар Соҳибқирон қаттиққўл сиёсат юритмаса ва бебошларни жазоламаса, оламда тартиб ўрнатиб бўлмасди. Зўравонликка қарши давлатнинг куч ишлатмоғи шарт. Шундагина адолат ва қонун устворлигига эришиш мумкин.
Шунингдек, давлатда ўғирлик, зўравонлик, шароб ичиш, зино ва бошқа жиноятлар учун энг оғир жазолар тайинланган. Академик И.Мўминов бу ҳақда шундай таъкидлайди: "Соҳибқирон ёзишмаларидан англанишича, салтанатда вақти-вақти билан сўроқ ва тафтишлар ўтказиб турилган. Ўз амалини суиистеъмол қилиш, порахўрлик, ичкиликбозлик, маиший бузуқлик оғир гуноҳ ҳисобланиб, бунга йўл қўйган кишилар қаттиқ жазоланган".
Амир Темур ва темурийлар давридаги мажбурлов аппаратининг тарбиявий кучи шундаки, жазолар халқдан яширинча эмас, очиқчасига, халқ гавжум бўлган майдонларда ижро этилган.
Соҳибқирон бир сўзида шундай дейди: "Адолат ва инсоф билан Тангри бандаларини ўзимдан рози этдим. Гуноҳкорга ҳам, бегуноҳга ҳам раҳм-шафқат билан, ҳаққоният юзасидан ҳукм чиқардим. Фуқаро ва қўл остимдагиларга раҳмдиллик қилдим, сипоҳийларга инъомлар улашдим. Золимга қарши мазлум додига етдим".
Шокир ҒАФФОРОВ,
Шерзод МАЖИДОВ,
Самарқанд давлат тиббиёт институти профессори.