Амир Темур масжидини қачон ўз номи билан атаймиз?
Тарихий бир воқелик ҳақида сўз юритмоқдан олдин бундан тахминан 25 йиллар муқаддам академик, Самарқанднинг “илмий виждони” деб ном олган Ботурхон Валихўжаев билан бўлиб ўтган суҳбатни хотирлашни лозим топдим. Бу инсон Самарқанд шаҳрининг тарихини яхши биладиган, ўзгача бир меҳр билан алқайдиган аллома эди.
Табиийки, суҳбатимиз темурийлар даври меъморий ёдгорликлари, уларни барпо этган тарихий шахслар хусусида борди. Шунда устоз "Сиёб" бозори ёнидаги муҳташам Амир Темур жоме масжиди тарихи ҳақида сўзлар экан, “Аслида бу масжид Амир Темур томонидан барпо этилганлиги аниқ-ку, нега темурий малика Бибихоним (Сароймулкхоним) номига нисбат берилганлигига, унинг номи зарҳал ҳарфлар билан ёзилиб, пештахта ўрнатилганига ҳайрон қоламан”, деган эди.
Дарҳақиқат, бугун ҳам ўша Бибихоним номи зикр этилган зарҳал пештахта масжид дарвозаси ёнида турибди. Шу лавҳа туфайли бўлса керак, самарқандликлар “Бибихоним масжиди” деб айтиб келади.
Аслида тарихий манбаларда ёзилишича, Амир Темур 1399 йил 29 апрель куни Ҳиндистон юришидан Самарқандга қайтиб келади. У Ҳиндистонда бўлган пайтида “Мен Самарқандга саломат қайтиб борсам, анда масжиди жоме солғайман”, деган ниятини дилига туккан. Шу ният ҳосиласи сифатида Оҳанин дарвозасига яқин ерда жоме масжиди биносига тамал тоши қўядилар. Бу кун санаси 1399 йил 11 майга тўғри келади. Бу ҳақда Заҳириддин Бобур 1497-1498 йилларда Самарқандда бўлганида ушбу жоме масжидини ўз кўзи билан кўрганини ифодалайди: “(Темурбек) Оҳанин дарвозасига яқин қалъанинг ичида тошдан бир жоме масжиди солган, у ерда аксарият Ҳиндистондан олиб келинган тошйўнарлар ишлаганлар. Масжиднинг пештоқи китобаси-ёзувида:” Ваъ из ярфаъу Иброҳим ал-қавоида (ило охирихи) оятини шундай йирик ҳарфлар билан ёзгандирки, уни бир куруҳ (2,5 километр)га яқин ерда ўқиса бўлади. Бу ҳам жуда юксак иморатдир” (Бобур. “Бобурнома”).
Амир Темур жоме масжиди қурилишини дастлаб шахсан ўзи назорат қилган. Аммо давлатнинг ғарбий ҳудудларида юзага келган вазият туфайли яна сафарга отланади. Қурилиш ишларини давом эттиришни Маҳмуд Довуд ва Муҳаммад Жалд каби саркорлар, яъни ишбошиларга топширади. Кўринадики, қурилиш ишлари Соҳибқиронсиз ва унинг назоратисиз давом эттирилади. 1404 йилда беш йиллик юришдан кейин Самарқандга қайтган Амир Темур масжидни кўргач, кўнгли тўлмайди. Чунки масжиднинг дарвозаси унинг йўқлигида қад кўтарган Бибихоним мадрасаси дарвозасидан анча паст бўлиб, бундан қаҳри келган Соҳибқирон масжид дарвозасини қайтадан улуғвор қилиб кўтаришга фармон беради. Айтишларича, дарвоза етти хил металл қоришмасидан икки табақали қилиб ясалади ва масжидга ўрнатилади.
Жоме масжиднинг таъриф ва тавсифи хусусида Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома”, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарларида тилга олинади. Муаллифлар жоме масжиди қурилишида маҳаллий усталар-у муҳандислардан ташқари Озарбайжон, Форс, Ҳиндистондан келтирилган беш юз сангтарош ишлаганлигини ёзади. Улар томонидан 480 устун тошдан тарошланганлиги, ҳар бирининг узунлиги етти газга тенг эканлиги, масжиднинг пойдеворидан то шифтигача бўлган баландлиги 10 газ бўлганлиги аниқ маълумотларга таянган ҳолда баён қилинган. Муаррихлар Абдураззоқ Самарқандий ўзининг “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн”, Абу Тоҳирхўжа Самарқандий “Самария” асарларида масжиднинг улуғворлигини, ички ва ташқи тоқларига тошга ўйилган Қуръон оятлари ва суралари билан зийнатланганлигини, ичкари қисми гиламлар, қимматбаҳо қандиллар билан безатилганлигини батафсил таърифлаганлар.
Шунингдек, 1403-1406 йилларда Самарқандда бўлган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг кундалигида ҳам жоме масжиди тилга олинган бўлиб, у қуйидаги маълумотни келтиради: ”Подшоҳ фармойиши билан хотини Канъё (Сароймулкхоним) волидаси шаънига қуриладиган масжид шаҳардаги энг муҳим бино бўлиши лозим эди. Қуриб битказилган масжидни кўрган подшоҳ олдинги деворининг пастқам қилиб қурилганидан норози бўлди ва уни бузишни буюрди. Ишни тезлаштириш учун подшоҳ қурилишнинг бир қисми устидан шахсан ўзи назорат қилишини айтиб, иккинчи ярми устидан назоратни ўз аёнларига топширди”.
Жоме масжидининг асосий қисмини Амир Темур ўз назоратига олганлигини Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома” асарининг Самарқанддаги жоме масжидининг қурилишига бағишланган бобида шундай ёзади: “Амир Темур ўша пайтлари кўпинча масжид яқинидаги мадрасаи Хоним ва Туман Оқо хонақоҳида бўлур эди”.
Агар юқорида келтирилган манбаларнинг маълумотларига синчиклаб қаралса, Амир Темур Самарқандда бўлмаганида, тугалланмаган жоме масжидининг қолган қисмини давом эттириш вазифаси Бибихоним зиммасига юклатилганда, масжид қурилишида катта хатоликлар ва кўзбўямачиликка йўл қўйилмаган бўлар эди. Бу хатоликларга йўл қўйган саркорлар Маҳмуд Довуд ва Муҳаммад Жалдлар қатл этилмаган бўларди. Ҳақиқатан ҳам манбаларда келтирилган маълумотларга кўра, Амир Темурнинг жоме масжиди у тасдиқлаган лойиҳа асосида қурилган.
Аммо Соҳибқирон унинг рўпарасида қурилган Бибихоним мадрасасининг лойиҳаси ва қурилиши жараёнини кўрмаган. Бу ҳақда академик Б.Валихўжаев ”1404 йилда сафардан қайтган Амир Темур икки иморатни бир-бирига таққослаган, ўзи қурдирган жоме масжидидан кўра Сароймулк хоним қурдирган мадрасанинг ҳашаматли экани унинг иззат-нафсига теккан ва оқибатда саркорлардан қасд олгани табиий кўринади”, дея ўз мулоҳазасини баён этади.
Муаллиф яна бир ўринда “ХV аср манбаларининг кўпчилигида ҳамда кейинги асрларда битилган асарларда ҳам Амир Темур қурдирган жоме масжидининг тасвир-тавсифи анча кенг берилган. У ҳақда ёзилган шеърлар ҳам келтирилган”лиги ҳақидаги маълумотлар ҳам мавжуд эканлигини айтиб ўтади.
Яна бир гап. Мақолада Амир Темур жоме масжидига ўрнатилган ҳашаматли қўш табақали дарвоза ҳақида сўз юритган эдик. Энг ачинарлиси, Амир Темур вафотидан сўнг суронли йиллар талатумида дарвозалар ғойиб бўлади. Айрим тахминларга кўра, манғитлар сулоласининг учинчи ҳукмдори Амир Ҳайдар ўша дарвозаларни эритиб, пул зарб эттирган экан, деган тахминлар учрайди.
Ўз даврида “Масжиди Жомеи бузрук” - Улуғ жоме масжиди сифатида шуҳрат қозонган, Амир Темур салтанатининг шуҳратини, бунёдкорлигини намоён этган бу табаррук иншоот бугун ҳам Самарқандга кўрк бериб турибди.
Амир Темур ўзи эътироф этганидек, “Бизнинг салтанатимиз куч-қудратига ишонмасангиз, биз қурган иморатларга боқинг!” деганда нақадар ҳақ эканлигини биргина мана шу муҳташам иншоот ҳам тасдиқлаб турибди.
Донишманд ал-Маъмун кўплаб шаҳарларга баҳо берар экан, “Мовароуннаҳрнинг кўзи Самарқанддир”, дея юксак мақом билан атайди.
Ҳар гал Амир Темур барпо этган жоме масжидига кўзим тушар экан, биринчи навбатда инсон даҳосининг маҳорати, меъмору наққош, дурадгору усталарнинг тафаккур қудратига қойил қоламан.
Жоме масжидида, тарихнинг ўчмас саҳифасидан сўзлайдиган яна бир ноёб осори-атиқа бор. Бу масжид ҳовлиси ўртасида ўрнатилган мармар тошдан ясалган улкан лавҳдир. У нафис ҳошиялар, турли нақшлар ва ёзувлар билан безатилган. Бу лавҳ буюк Соҳибқироннинг невараси Мирзо Улуғбек фармони билан ясатилган ва халифа ҳазрати Усмон Қуръони учун мўлжалланган. Бу лавҳ ҳозир ҳам масжидга кўрк бериб турибди.
Юқоридаги маълумотларга эътибор берадиган бўлсак, бирор манбада жоме масжидининг қурилишида, бунёд бўлишида Бибихоним (Сароймулкхоним) номи зикр этилмайди ва масжиднинг унга нисбат берилиши билан боғлиқ фикрлар йўқ. Лекин Бибихонимнинг жоме масжиди рўпарасида бунёд этган мадрасаси қурилиши билан боғлиқ маълумотлар манбаларда мавжуд.
Ҳар қандай сайёҳ, Самарқанд шаҳрига келган меҳмон тарихий-меъморий ёдгорлик остонасига қадам қўяр экан, мазкур иншоот ҳақида маълумот берадиган пештахтага кўзи тушади. Иншоот ҳақидаги илк таассурот ана шу лавҳадан бошланади.
Нохуш бўлса-да, бир воқеани айтиб ўтай. Яқинда Самарқанд давлат университетида бир гуруҳ турк олимлари иштирокида халқаро конференция бўлиб ўтди. Кўп қатори мен ҳам ўз маърузам билан иштирок этдим. Йиғилишдан сўнг туркиялик олимлар билан қисқа баҳс-мунозара асносида бир олим менга қарата “Сизлар ўз шаҳрингизнинг тарихини яхши билмайсизларми? Нега Амир Темур барпо этган жоме масжидини Бибихоним номи билан атайсизлар?”, деди. Мазкур саволдан кўринадики, олис юртдан келган бу олим темурийлар даври тарихини яхши билади.
Олисдан келган меҳмоннинг саволи беихтиёр устоз Б.Валихўжаев билан бўлган суҳбатни ёдимга солди. Мазкур саволга кимдир жавоб бериши керак, деган фикрга келдим ва ўз муносабатимни бир мақола тарзида баён этишга жазм қилдим.
Дарвоқе, бу муҳташам обида асрлар синовидан ўтган бўлиб, ўз бунёдкорининг юксак дидидан далолат берувчи тилсиз гувоҳдир. Бу тилсиз гувоҳ ўзининг ўтмиши, бунёдкори ҳақидаги тарихий ҳақиқатни сизга сўзлаб бера олмайди.
Маҳкамой Турсунова,
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети профессори.