АҚШ элчиси Самарқандга нега келди? Ёки Ўзбекистондаги шаффофликнинг Америкага қандай фойдаси бор?

АҚШнинг мамлакатимиздаги элчиси Дэниел Розенблюм бугун Самарқандга ташриф буюриб, вилоятдаги давлат, жамоат ташкилотларида турли доирадаги учрашувлар ўтказди. Вилоят ҳокимлиги, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари билан мулоқотлар ташкил этилди.

Шунингдек,  элчи жаноблари самарқандлик бир гуруҳ журналист ва блогерлар билан учрашиб, ўзаро фикр алмашди. Учрашув давомида АҚШнинг мамлакатимиздаги элчисининг Ўзбекистондаги бугунги ислоҳотлар, виза ва бошқа масалалар бўйича фикрлари билан қизиқдик.

- Ўзбекистондаги ўзгаришлар, ислоҳотлардан ҳали элчи сифатида иш бошламасимдан аввал ҳам хабардор эдим, - деди жаноб Дэниел Розенблюм. – Саккиз ой давомида шу ерда яшаб, фаолият бошлаганимдан сўнг, вилоятлардаги учрашувлар давомида бу ҳақда яққолроқ тасаввурга эга бўла бошладим. Мен олиб борилаётган ислоҳотлардаги икки нуқтани алоҳида таъкидлашни истардим. Биринчиси, Ўзбекистонда нафақат ҳукумат, турли идоралар фаолияти ва қонунчиликда, балки катта миқёсдаги ўзгаришларга қадам ташлангани. Бу ислоҳотлар аҳоли онгини ўзгартириш каби мураккаб жараённи ҳам қамраб олгани билан эътиборли. Гарчи, ушбу жараён айни дамда қийинчилик билан ўтса-да, аммо узоқни кўзлагани, ижобий натижа бераётгани аҳамиятли.

Иккинчидан, ислоҳотларни олиб боришнинг қанчалик мураккаб эканлиги. Сабаби, эски тузумдан манфаат кўрган инсонлар бор. Уларни илғор фикрлашга, шаффофликка ўргатиш осон кечмаса керак. Лекин бу йўлда ташланаётган қатъий қадамлар табиийки, мамлакатдаги барқарорлик, ривожланишни кафолатлайди. Америка эса Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистоннинг мустақил равишда, барқарор ривожланиши тарафдори.

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда кўп учраётган, жумладан, элчи жанобларининг ўзи ҳам кўп ҳудудларда шу саволга жавоб беришига тўғри келаётганини тан олган виза масаласи бўйича ҳам фикрларини билдириб ўтди.

– Тўғри, кейинги пайтларда Ўзбекистон фуқароларининг АҚШга бориш учун виза олиши мураккаб кечмоқда, – деди элчи. – Тўғрисини айтишим керак, виза масаласи билан шахсан мен шуғулланмайман. Бу учун элчихонада масъуллар бор ва улар вазифасини бажаради. Фақат бир маълумотни айтишим мумкинки, кейинги йилларда Ўзбекистон фуқаролари орасида АҚШга боргач, виза муддати тугаса-да, у ерда қолиб кетаётганлари кўп кузатилмоқда. Бундай ҳолатни содир этаётганлар бошқа давлат фуқароларига нисбатан икки баравар кўп. Афсуски, мана шу факт ҳам виза олиш учун қайсидир маънода тўсиқ бўлмоқда.

Элчи жаноблари Ўзбекистондаги очиқлик сиёсати, хусусан, жамоатчилик назорати ўрнатилишида оммавий ахборот воситаларининг ўрни хусусида журналистларнинг фикрлари билан ҳам қизиқди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.