АҚШда Трамп маъмуриятининг муҳожирларга нисбатан жорий қилган "ноль бағрикенглик" сиёсати бекор қилинади

Америка адлия вазирлиги Доналд Трамп маъмурияти томонидан жорий қилинган АҚШга ноқонуний равишда кириб келган муҳожирларга нисбатан "ноль бағрикенглик" сиёсатини бекор қилиб, кўриб чиқилаётган ишларнинг ҳар бирига индивидуал ёндашишни талаб қилди.

"Жиноий ишларини индивидуал баҳолаш принципига мувофиқ мен ушбу йўриқномани бекор қиламан, қарор шу заҳотиёқ кучга киради", - деб ёзди Бош прокурор вазифасини бажарувчи Монти Уилкинсон федерал прокуратурасига юборган хатида, дейилади The Hill нашрида.

Уилкинсоннинг сўзларига кўра, Адлия вазирлиги жиноий иш қўзғатиш тўғрисидаги қарорни шахс федерал қонунни бузганлиги ва бунга далиллар мавжудлигига асосланиб қабул қилиш кераклигини «кўп вақтдан бери таъкидлаб келмоқда».

"Сиёсат ўзгариши мумкин, бизнинг вазифа ва бурчимиз эса ҳар доим бир хил: қонунга мувофиқ адолатга эришиш", деди Уилкинсон.

"Ноль бағрикенглик" сиёсатини йўқ қилиш Байден маъмуриятининг Трамп давридаги иммиграция чекловларини бекор қилишга қаратилган биринчи уринишларидан бири бўлади, дейилади нашрда.

Трампнинг 2018 йилдаги "нол бағрикенглик" сиёсатига биноан АҚШга ноқонуний равишда кириб келган катта ёшдаги кишилар судга тортилди, уларнинг фарзандлари эса соғлиқни сақлаш ёки ижтимоий хизматларга, махсус ижтимоий сақлаш марказларига жойлаштирилди. Оқибатда 6 мингга яқин бола ота-онасидан айрилди ва ушбу сиёсат кучли танқидлар тўлқинини келтириб чиқарди.

Жума куни Байден бир-биридан айрилган оилаларни бирлаштириш ишчи гуруҳини тузиш, шунингдек иммиграция билан боғлиқ бошқа буйруқларни имзолаши кутилмоқда.

Г.Холдорова тайёрлади.