АҚШлик фармацевт вакцина сертификатларини сотгани учун 120 йилга қамалиши мумкин

АҚШ адлия вазирлиги кеча, 17 август куни АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари Интернет орқали юздан ортиқ COVID-19 га эмлаш сертификатини сотган ва айни пайтда 120 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши кутилаётган фармацевтни ҳибсга олди.

Расмийлар Чикаго штатининг 34 ёшли фуқароси Тангтан Чжаога ҳукумат мулкини ўзлаштиришда 12 та айблов қўйган. "Агар у айбдор деб топилса, унга ҳар бир айби учун 10 йил қамоқ жазоси тайинланиши мумкин", дейилади пресс-релизда.

Фармацевт 2021 йил март-апрель ойларида COVID-19 га қарши эмлашни тасдиқловчи CDC тиббий регулятори томонидан чиқарилган 125 та ҳақиқий бланкни сотишда гумон қилинмоқда. Қўл билан тўлдирилувчи ҳар бир бланк учун у 10 доллар олган, дейилади релизда.

"Вакцина карталарини эмланмаган одамларга сотиш миллионлаб одамлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдиради. Мамлакатимиз хавфсизлигини пуллаш нафақат пандемияга қарши курашаётганларга нисбатан ҳақорат, балки бу оғир оқибатларга олиб келадиган федерал жиноятдир", деди ФБРнинг Чикаго офисининг бошлиғи Эммерсон Бью.

Қўшма Штатларда касалликнинг янги авж олиши фонида кўплаб давлат идоралари ва хусусий компаниялар ўз ходимларини коронавирусга қарши эмлаш ва мижозлардан эмланганликни тасдиқловчи ҳужжат талаб қилишмоқда.