Арматурасиз плиталар Самарқандда ишлаб чиқарилган
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган арматурасиз плиталар бўйича расмий баёнот берди.
Аниқланишича, сифатсиз қурилиш материаллари Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги Алишер Навоий номли маҳаллада 5 қаватли уй-жой қурилиш-монтаж ишларида фойланилаётган бўлган.
Плиталар Самарқанд шаҳрида фаолият юритаётган «Vibro Press» хусусий корхонаси томонидан етказиб берилган. Унинг маҳсулотларига «НТЦ Turon Standart Sertifikat» МЧЖ томонидан O‘zDSt 2805:2013 талабларига мувофиқлиги юзасидан 2017 йил 5 июнда уч йил муддат билан UZ.SMT.01.348.2041276 мувофиқлик сертификати берилган.
Баёнотда айтилишича, Қурилиш вазирлигига ишлаб чиқарувчилар фаолиятига аралишиш ва қурилиш объектига кириш, текшириш ваколати берилмаган. Шундай бўлса-да, қурилиш объектларида ишлатилаётган «Vibro Press» хусусий корхонаси томонидан ишлаб чиқилган плиталар бўйича Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан ишлаб чиқарувчига 2018 йил 6 ноябрда 04/1254-сонли огоҳлантириш хати юборилган.
«Ишлаб чиқарувчи корхона тасдиқланган давлат стандартларига риоя этган ҳолда аккредитациядан ўтган синов лабораториясида плитанинг ҳамда унда қўлланиладиган материалларни физик-механик хусусиятлари бўйича доимий ва даврий синовларни ўтказиши ва тасдиқланган ишчи чизмаларига мувофиқ ишлаб чиқариши талаб этилади», дейилади вазирлик муносабатида.
Бундан ташқари, бир йилда бир маротаба сертификатлаштириш органи томонидан ишлаб чиқилаётган маҳсулотни стандарт талабларига мувофиқлиги бўйича инспекция назорати амалга оширилиши керак. Бироқ ишлаб чиқарувчи стандарт талабларига риоя этмаган ҳолда сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқарган, ишчи чизма УТР 46.1-95.11 шифр 4281 талабларини қўпол равишда бузган.