Самарқандда касаба уюшмалари ва ёшлар ўртасида ҳамкорлик мустаҳкамланди

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси вилояти Кенгаши томонидан “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” тадбири ҳамда вилоят Кенгаши билан вилоят ёшлар ишлари бошқармаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Касаба уюшмалари федерациясининг вилоят Кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик тарихи, касаба уюшмаларининг асосий мақсад ва вазифалари, ходимлар манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўрни ҳамда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишдаги фаолияти ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Шунингдек, тадбирда вилоят ёшлар ишлари бошқармаси билан имзоланган меморандумнинг мақсад ва вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, мазкур ҳамкорлик ёшларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш, ёшларни Ватанга садоқат, миллий истиқлол ғоялари руҳида тарбиялаш ҳамда касаба уюшмалари тизимида фаолият олиб бораётган ёш ходимларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Вилоят ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Д.Азизова меморандум имзоланиши ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бандлигини таъминлаш йўлида муҳим қадам эканини таъкидлади. Ушбу ҳамкорлик доирасида ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, касбий салоҳиятини ошириш ҳамда ижтимоий фаоллигини кучайтиришга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилиши қайд этилди.

Тадбир давомида иштирокчиларга “Ўзбекистон касаба уюшмалари — кеча, бугун, эртага” номли тарихий ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Шунингдек, бир гуруҳ фаол ёшларга Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси вилоят Кенгаши томонидан эсдалик совғалари ҳамда Жиззах вилоятининг Зомин туманига ташкил этиладиган икки кунлик саёҳатларда иштирок этиш учун сертификатлар топширилди.