Арвоҳ

Бир кеча уйқудан кечмасанг, икки чақирим наридаги Дарғатдан сув ўтказиб келиш амримаҳол – томорқачилар билан танишиб ёқавайрон бўлишинг керак. Қандай бўлмасин шу кеча полизни суғормаса ҳосилдан айрилишим аниқ.

...Тун яримдан оққанда Холиқ Дарғатга қараб жўнади. Дарғатга яқин қолганда қоронғу бўлишига қарамай, қулоқ бошида кафанга ўраниб ўтирган арвоҳга кўзи тушди. Тўрт қишлоққа сув тақсимлайдиган Дарғат шундоққина қабристонга туташ жойда жойлашган эди. Юраги шиғ этиб кетди. Тили калимага келмай жойида қотиб қолди.

Арвоҳ ўрнидан турди, бўйи икки метрдан баланд эди. Сал ўзига келган Холиқнинг лаблари пичирлади: «Ло илою иллоҳо…» Кетмонни ташлаб жон ҳолатда ура қочди.

…Лабига учуқ тошиб, туни билан алаҳсираб чиқди. Қўшни Рўзвон кампир «куф-куф» қилгач, бироз ўзига келгандай бўлди.

- Эрингизга "инс-жинс"лар ҳазиллашганга ўхшайди, - деди Хуморга, - Азайимхонга ўқитиб, бирор жонлиқ суйиб қурбонлик қилиб юбориш керак.

Тушга яқин қўшни қишлоқлик дўсти Хайри полвон кириб келди.

- Ўҳ-ҳу, кўрпа-тўшак қалинку жўра, нима бўлди?

Холиқ бўлган воқеани айтиб берди. Ҳийласи иш бериб гектарини бемалол суғориб олган полвон мийиғида кулиб қўйди.

***

Эски тешик

- Яна бир нарса эсдан чиқибди, - деди оқсоқол тарқалиш учун қўзғалаётган маҳалла фаолларига қарата. – Тошлоқ кўчасида ерости қувури тешилиб анча вақтдан буён кўчани сув босиб ётибди. Уни тузатиш шунчалик қийинми, Абсамат ука? Кеча туманда йиғилишда ўрнимдан турғазиб, роса мулзам қилишди. Арзимаган ишдан муаммо ясаманг-да, ука!

- Тузатамиз, - деди кўча боши Абсамат ўрнидан туриб, - бу эски тешик, ёғоч қоқиб қўйгандик, чирибди-да, эртагаёқ янги қозиқ қоқиб қўямиз.

Гурр этиб кулги кўтарилди.

Тоғаймурод Шомуродов.