Археолог олимнинг Ватан ҳаққига муножоти

Яқинда таниқли археолог олим Амриддин Бердимуродов янги чиққан китоби - “Ватан ҳаққига муножот”ни дастхат ёзиб берди.

Амриддин ака бундан аввал ҳам бир нечта китоб чиқарган ва улар асосан юртимиз тарихи ва маданияти, аждодларимиз ҳаёти, фаолияти ҳақида, археологик тадқиқотлари натижаси ўлароқ яратилган эди. Бу китоблар орқали олис ўтмишимиз ҳақида баландпарвоз гаплардан эмас, реал воқеликдан воқиф бўлиш мумкин.

Бу галги китоб “Адиб ва жамият” рукнида чоп этилгани ва эсселардан иборатлиги диққатимни тортди. Варақлай бошладим. Сўзбошидан аввал Амриддин аканинг сафдоши, фан арбоби Темур Шириновнинг фикрлари берилган экан, шуни ўқишдан бошладим, кейин сўзбошини (одатда, ҳар қандай китобнинг аввалида ёзиладиган сўзбоши, муқаддима йўл кўрсаткич сингари асарга қизиқтиради ёки аксинча…).

  Темур Ширинов китоб қўлёзмасини “бир нафасда, йигирма тўрт соатда батамом ўқиб чиққан”ини ёзган экан. Қизиқиб қолдим.

Мен йигирма тўрт соатда ўқимадим, бир неча кун ўқидим. Лекин ҳар бири эссени ўқигандан кейин узоқ вақт ўйлаганим, Амриддин аканинг кечинмаларини, фикрларини кўз олдимдан ўтказганим ҳақиқат.

Китобда бадиий ташбеҳлар жуда маромига етказилмаган бўлса-да равон, содда тилда ёзилгани, муҳими, воқеа-ҳодисалар, кечинмалар муаллифнинг бевосита ўзи билан боғлиқлиги, бошидан ўтказганлиги учун ҳам кишини ўзига тортади. Гўёки бу ҳикояларни Амриддин аканинг ўзи ёнингизда туриб айтиб бераётгандек, сиз билан суҳбатлашаётгандек бўлади.

Америкада яшаётган “укахон”нинг Самарқандда тасодифан кўришиб қолиб, айтган гаплари туртки бўлиб, Японияда ёзила бошлаган ва ўн йил давомида қоғозга тушган ҳикояларнинг ҳар бири “укахон”нинг ва унга ўхшаган кишиларнинг гапларига жавобдек таассурот қолдирди менда.

Айниқса, муаллифнинг Ватан тупроғи, табиати, жониворларини ота-она ва аждодларнинг панд-насиҳатлари, анъана ва қадриятларни Ватаннинг жон томирларига менгзаб ёзган эсселари ҳар қандай кишини ўйлантириши, юрак торларига тегиб кетиши табиий. Амриддин ака уларни шунчаки ёзмаган, ҳар бир кечинма, туйғуни ўзи бошидан ўтказган ёки гувоҳ бўлган воқеалар билан асослаб баён этган. Шунинг ўзи ҳеч бир хулосасиз сизда ўша ҳолат тўғрисида тасаввур пайдо қилади.

Тўғри, Ватан тупроғи, табиати, суви, иқлими, буюк аждодларимиз ва ноёб анъаналаримиз ҳақида кўп ёзилган. Ҳар бир ижодкор бу ҳақда гўзал ташбеҳлар билан асарлар битган. Лекин шу пайтгача чумолини ҳам Ватаннинг бир бўлаги деб, юртдан олисда уни қучгиси келган, уни асраб қололмаганидан ўкиниб, уни ўзича дафн этган киши ҳақида эшитмаганман ёки бундай ҳолат акс этган асарни ўқимаганман.

“Бу воқеа 1982 йили Москвада аспирантурада ўқиб юрган пайтларимда бўлган эди, – деб ёзади Амриддин ака. – Ўша йилнинг кузида қишлоқдан, ота-онамдан тахта қутичада совға-салом келиб қолди. Уйдагилар менга илиниб, ёнғоқ, майиз жўнатишган экан. Узоқ йўл босиб, Москвага етиб келган бу ёғоч қутичада ёнғоқ ва майиз эмас, гўёки ота-онам, ука-сингилларим ва аёлимнинг меҳри, соғинчи ва тафти келгандек эди.

Майиз билан ёнғоқларни авайлаб ажратар эканман, майизнинг орасида нимадир қимирлагандек бўлди. Аввалиги кўзларимга ишонмадим. Ҳақиқатан ҳам майизнинг орасида биттагина чумоли юрарди. Шу маҳал чумоли кўзимга оловдек кўринди. У чумоли эмас, гўёки қишлоғимдан менга салом келтирган элчидек эди. Бу чумоли уйимдан, қишлоғимдан, Ватаним Ўзбекистондан келгани аниқ эди. У бир ҳашарот бўлса-да юртимдан келган қадрдон меҳмон эди. Уни авайлаб кафтимга олдим, кўзларимдан беихтиёр ёш келди. Уни авайлаб қучгим келарди…

…Эрталаб дарсга кетишдан олдин меҳмон чумолидан хабар олдим. Кечқурун дарсдан кела солиб, яна чумоли солинган пиёлани қўлимга олдим. Афсуски, у жонсиз эди. Ватандош чумолининг ўлими менга таъсир қилди. Эртаси куни ётоқхонамиз яқинидаги Кусково паркига бориб қадрдон чумолини қайн дарахтининг тагига дафн қилдим…”

Чумолини қучиш, уни меҳмондек қабул қилиш ва шу ҳашаротнинг нобуд бўлишидан кўзига ёш олиб, уни дафн этишга жазм этиш учун одам Ватандан қанчалик олисда бўлиши керак? Она юртини қай даражада севиши, соғиниши керак?..

Амриддин аканинг эсселари асосан унинг хорижий давлатларга сафарлари билан боғлиқ ва ҳар бир сафар чоғидаги воқеа-ҳодисалар, кечинмалар, таассуротлар ибратли ҳикоя тарзида кишига сабоқ беради. Ўйлашга, хулоса қилишга даъват этади.

Яна бир эътиборли томони, китобда меҳмондўстлик, ориятлилик, адолатпарварлик сингари миллий менталитетимизнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида ҳаётий воқеалар ҳикоя қилинган. Уларни ҳам эътиборсиз ўқиб бўлмайди.

Умуман, китобни ўқиш давомида Амриддин ака ҳақидаги тасаввурларим ўзгарди. Мен бу инсон ҳақида кўп эшитган, суҳбатлашган, фаолияти билан яқиндан таниш бўлсам-да унинг қалбидаги кечинмалари, мақсад-ўйларини шу китоб орқали қайта кашф этдим. Шу билан бирга Ватан ҳақида ёзиш, ватанпарварликни намоён этиш учун шоир ёки ёзувчи бўлиш шарт эмаслигини, бунинг учун шунчаки, қалб кечинмаларини рўй-рост баён этиш, фикрингиз тўғрими-нотўғрими (у сизники) билдириш кифоя экан. Мана шу ёзганларингиз сизнинг кимлигингиз, қалбингизни яққол кўрсатиб туради, назаримда.

Китобнинг муқаддимасидаги фикрлардан қанчалик таъсирланиб, қизиқиб уни иштиёқ билан ўқиган бўлсам, сўнгсўз ўрнида келтирилган хулосалар ҳам яна ўйлашга мажбур қилди.

Амриддин ака ўзи ёзганидек, қишлоқда туғилиб ўсган бўлса-да Москвада ўқиди, илм қилди. Юртимиз тарихини ўрганишга салмоқли ҳисса қўшди, ярим асрдан буён Самарқанд шаҳрида яшаб, археология соҳасида ўзига яраша обрў-эътибор қозонди. Кўплаб илмий экспедицияларда қатнашди, хорижий давлатларда сафарларда бўлди, нуфузли мукофотларга лойиқ кўрилди, хизматлари эътироф этилди. Ана шу олим одам бир гал қишлоғига бориб у ерда ўсадиган айрим гиёҳлар номини билмаганидан ўкиниб, “Ватаним тупроғида унган қадрдон гиёҳларнинг номини унутиб, уларни бегонага айлантирганимнинг алами, топганларимдан олган қувончимдан кўра оғирроқ бўлди, мен учун, афсус”, деб турса бу кимга таъсир қилмайди, кимни ўйлантирмайди?

Ватанни чумолиси-ю гиёҳлари қадар севадиган инсоннинг муножотини ҳис-ҳаяжонсиз ўқиш мумкин эмас.

Амриддин ака, яхши китоб учун, ҳаётий ибрат учун раҳмат!

Ғолиб Ҳасанов.