Арзон уй-жойлар арзонми?

Ўз уйим - ўлан  тўшагим

Халқимизнинг бу нақлида катта маъно бор. Унинг қадрини айниқса, ижарама-ижара яшаб юрадиган оила аъзолари жуда яхши англайди. Рост-да, уйимиз бўлса, кўнглимиз тўқ бўлади, келажакка ишонч билан қараймиз, эзгу мақсадларни дилга тугиб, яратувчанликка интилиб яшаймиз.

Аммо аҳоли сони ўсиб бораётгани натижасида кейинги йилларда ҳар қарич ернинг қадри ошиб, одамларнинг уй-жойли бўлишида талай муаммолар келиб чиқа бошлади. Бу муаммога бар-ҳам бериш мақсадида Президентимиз томонидан халқимиз турмуш тарзи, орзу-истакларига ҳамоҳанг яхлит тизим ишлаб чиқилди.

Масалан, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги, 2016 йил 22 ноябрдаги "2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорлари ушбу тизимнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур ҳужжатларга кўра, вилоятимизнинг барча ҳудудида аҳолининг реал эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда арзон уй-жойлар қурилмоқда. Қишлоқларда бунёд этилаётган икки, уч қаватли кўп квартирали ҳамда аҳоли зич жойлашган туманларда майдони икки сотихлик ер участкаларида бир қаватли 2 ва 3 хонали, тўрт сотих ер участкаларида икки қаватли 4 хонали ҳовлилар, шунингдек, шаҳарларда 5, 7, 9 қаватли кўп квартирали уйлар кишиларнинг яшаш шароитларига мос, десак янглишмаган бўламиз.

Ўтган йилнинг ўзида вилоятимизнинг қишлоқ ҳудудларида 2 минг 300 та, шаҳарларда 1950 хонадонни ўз ичига олган ана шундай уй-жойлар қурилиб, ўз эгаларига топширилди.

Бу йил эса қишлоқларда 1900 дан ортиқ 2 ва 3 хонали ҳовли ва кўп қаватли, шаҳарларда қарийб 4 минг хонадонли 68 та кўп квартирали арзон уй-жойлар бунёд этилиб, фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

Бошланғич тўлов - 30 фоиз. Бу камми, кўпми?

Бугун аксарият аҳоли арзон уй-жойлар нархининг 15 фоизи миқдоридаги бошланғич бадал пулини тўлаб, уйга эгалик қилмоқда. Шунингдек, уларга "Қишлоқ қурилиш банк", Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, "Ипотека банк", Халқ банки, "Асака" ва "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банкларидан уч йиллик имтиёзли давр ҳамда дастлабки беш йил мобайнида йиллик 7 фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида ипотека кредитлари ажратилади. Тўловларнинг 20 йил давомида тўланиши юртдошларимизга, айниқса, катта имтиёз ва енгилликлар берди. Бу яхши, албатта.

Бироқ бугунги кунда Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида қурилаётган уйларнинг қарийб 90 фоизининг бошланғич бадали юқорилиги, тўлов муддати яқинлиги уй олувчиларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

- Бир хонали хонадонда онам, акам ва мен оилам билан истиқомат қилиб келамиз, - дейди Сартепа масканидаги 30-уй, 37-хонадонда яшовчи Камол Солиев. - Уйга эҳтиёжимиз борлиги туфайли шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилдим. 2019 йилда қуриладиган арзон уй-жойлар учун ариза қабул қилиш якунланибди. Шунинг учун менга тижорий нархда қурилаётган уйлардан таклиф этди. Лойиҳалар билан танишдим, қурилаётган 10 қаватли уй жуда кўркам, хонадонлари яшаш учун барча шароитга эга экан. Бироқ қиммат - хонадоннинг бир квадрат/метри 3,5 миллион сўм, тўлов муддати - 10 йил. Банкдан кредит олишни лозим топиб, мен харид қилаётган уч хонали уйга бериладиган кредитни ёпиш учун ойлик тўловни сўрадим, салкам 4 миллион сўм, дейишди. Ўзим автокорхонада ҳайдовчи бўлиб ишлайман. Маошим 1,8 миллион сўм атрофида. Ойма-ой бу суммани қайтариш имкониятим йўқ, аммо уй керак.

- 2018 йилнинг октябрь ойида кўп қаватли уйлардан квартира харид қилиш учун навбатга ёзилиб, зарур ҳужжатларни топширдим, - дейди ёш оила соҳиби Жамшид Собиров. - Ўшанда "Хонадоннинг бошланғич бадали 15 фоиз, ўртача 39 миллион сўм бўлади", дейишганди. Орадан икки ой ўтиб, банкка тўловни амалга оширай, деб борсам, "Бошлан-ғич бадал 30 фоиз - 89 миллион 200 минг сўм тўлайсиз", деяпти. Бу сумма мен каби кўпчиликка оғирлик қиляпти…

Бозор талабидаги уйни уйга муҳтожлар харид қила оладими?

Уйга муҳтож аҳолининг юқоридаги каби эътирозларида жон бор: уйларнинг нархи ошган. Нархлар ошгач, нафақат биринчи тўлов, балки олинадиган кредит миқдори ва тўлаш фоизи ҳам кўпаяди. Қарабсизки, 1,5-2 миллион сўм маош билан кун кўраётган фуқаро учун бундай уйларни олиш орзу бўлиб қолаверади. Хўш, бу ҳолатга мутахассис нима дейди?

- 2018 йилдан буён Самарқанд шаҳрида аҳоли ва давлат хизматчилари учун уй-жойлар фақат Қорасув массивида барпо этилмоқда, - дейди Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги "Бинолардан фойдаланиш, уй-жой ва якка тартибда уй-жой қурилиш масалаларини мувофиқлаштириш департаменти" давлат корхонаси бошлиғи Жавлон Ғофуров. - Ўтган йили бу ерда 1 минг 344 хонадондан иборат 32 та етти қаватли арзон уйлар барпо этилди. Бундан ташқари, давлат хизматчилари ва ёш оилаларга мўлжалланган беш қаватли 12 та тураржой қурилиб, фойдаланишга топширилди.

2019 йилда ўн қаватдан ўн олти қаватгача бўлган 52 та (3400 хонадонга мўлжалланган) кўркам уйлар, етти қаватли (546 хонадонга мўлжалланган икки ва уч хонали) 13 та арзон уй қурилади.

Очиқ айтиш керак, шаҳарда уй-жойга муҳтож оилалар кўп. Масалан, 2019 йилда қуриладиган уй-жойлар учун фуқаролар ўтган йили навбатга ёзилган. Аммо уларнинг ҳаммасини уй билан таъминлашнинг имкони йўқ. Шунинг учун шаҳар ҳокимлиги ҳузурида тузилган махсус комиссия фуқаролардан келиб тушган аризаларни ўрганиб, ҳақиқий муҳтож оилаларга уй-жой ажратди. Натижада 539 нафар уй олувчи 18,5 миллиард сўм бошланғич бадални тўлади. Қолган хонадонлар Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони асосида оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга имтиёзли тарзда берилди.

- Кўпчилик уй олувчилар билан суҳбатлашганимизда "Уй-жойга муҳтожман. Ҳокимиятга ариза бергандим, менинг навбатим келса-да, таниш-билишчилик қилиб, бошқаларга мендан олдин беришяпти", деди. Бунга нима дейсиз?

- Уй-жойга муҳтож аҳолидан тушаётган аризаларни ҳаққоний ва шаффоф ҳолда ўрганиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан Низом тасдиқланган.  Ушбу Низомга кўра, бошқа оила билан бир хонадонда биргаликда яшовчи, кўп болали оилалар, фарзандларини бир ўзи тарбиялаётган оналар ёки оталар, даромади юқори бўлмаган хонадон соҳиблари (бир ойдаги жами даромади ҳар бир оила аъзосига белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдоригача тўғри келадиган), таркибида I гуруҳ ногирони бўлган ёки сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида хонада яшашга эҳтиёж сезувчи шахс бўлган оила, уй-жой майдони қонун ҳужжатларида назарда тутилган ижтимоий нормага мувофиқ бўлмаган оилалар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож ҳисобланади.

Махсус комиссия ана шу меъёр асосида талабгорлар ҳужжатларини ўрганиб, кимларга биринчи навбатда уй берилишига одилона жавоб топади. Масалан, талабгорлардан бири ижарада яшайди, иккинчиси боқувчисини йўқотган, учинчиси эса ҳам ижарада истиқомат қилади, ҳам боқувчисини йўқотган, ҳам оила аъзоларидан бири ногиронлиги бор шахс ёки дардман ва алоҳида хонада парваришга муҳтож. Бундай ҳолатда, албатта, учинчи талабгорнинг талаби қондирилади. Айрим фуқаролар эса буни тўғри тушунмай, бошқача фикрда юради.

- Имтиёзли кредитсиз  қурилаётган ўн, ўн олти қаватли уйлар қиммат. Бошланғич бадал ва банк фоизи юқори. Бунинг бирор сабаби борми?

- Уйларнинг нархларини белгилаш алоҳида комиссия томонидан амалга оширилади. Лекин, бир жавоб аниқ: бунга сабаб қурилиш моллари нархининг ошгани. Таҳлилларга кўра, кейинги олти ой ичида қурилиш материаллари 25-27 фоизга ошган.

Шуни ҳам қўшимча қилишим лозимки, жаҳон амалиётида аҳоли учун турар жой биноларини, асосан, хусусий қурилиш ташкилотлари барпо этади, хусусий банклар молиялаштиради. Табиийки, бу объектларнинг нархини мазкур муассасаларнинг ўзлари белгилайди. Улар айтган суммани тўлаганингиздан кейин ёки кредитга олаётган бўлсангиз, шунга доир шартномага имзо чекканингиздан сўнггина уй-жойга эгалик қилишингиз мумкин бўлади. Бозор иқтисодиёти қонунлари ва ҳуқуқий демократик тамойилларга асосланган бу жараён мамлакатимизда ҳам мавжуд.

Демоқчиманки, бу йил Қорасув массивида туркиялик ҳамда "Аgromir Buildings" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 10 қаватдан 16 қаватгача бўлган уйлар қурилади. Бугунгача бу уй-жойларни қуриш учун мақбул ер майдони ажратилган, уй-жой олувчиларнинг аризаларини қабул қилиш, рўйхатга олиш ва бошланғич бадалларини шакллантириш шу йилнинг 1 апрелигача давом этади. Айни кунгача бу уйлардан квартира харид қилиш учун 3 минг 200 дан зиёд ариза тушди.

- Бу билан "Уй олувчилар бозор нархида квартира харид қилишади", демоқчимисиз?

- Йўқ. Чунки ҳамманинг ҳам уйларни бозор шартлари ва нархларида сотиб олишга қурби етмайди. Квартираларнинг нисбатан қимматлиги, бошланғич тўловнинг юқорилиги, тўлов муддатининг 10 йил қилиб белгилангани қурувчи томонидан қўйилган талаб ва таклиф. Қурилаётган уй қанчалик кўркам, сифатли, хонадонлар яшаш учун ўта қулай бўлмасин, унинг нархи ва тўлови биз учун муҳим. Шундан келиб чиқиб, ҳокимлик мутасаддилари, комиссия аъзолари ва депутатлар бу борада қурувчи ташкилотлар билан мунозарага киришиб, уй олувчилар таклифларини билдирадилар.

Арзон уй-жойлар арзонми?

Мақоламиз аввалида 2018 йилда вилоятимизнинг қишлоқ ҳудудларида 2 минг 300 та икки ва уч хонали ҳовли ва кўп қаватли арзон уй-жойлар қурилди, бу йил эса 1900 дан ортиқ шундай уйлар бунёд этилади, дедик. Хўш, бу арзон уй-жойлар ростдан ҳам арзонми? Яъни, улар харидини кам таъминланган, ногиронлиги бўлган шахсларнинг "чўнтаги кўтаряптими"? Уй нархи, тўловлар борасида муаммолар бўлмаяптими? Бу уй-жойларни ҳақиқий уйга муҳтож оилаларга беришда адолат бўляптими? Шу саволларга жавоб топиш мақсадида айрим туманларда бўлдик.

- Опам ва укам ногирон, онам вафот этган, отам кексайиб қолган, - дейди Тойлоқ тумани Шопўлат маҳалласида яшовчи Дилшод Сафаров. - Ўзим мева қуритиш корхонасида оддий ишчиман, аёлим уй бекаси. Уй олиш учун 2016 йилда ариза бергандик. Ўшанда уй нархини 86 миллион сўм, деб айтишганди. 2018 йил декабрда уйга кўчиб келдик. Вақтида кредит шартномасини беришмаганди. Яқинда олиб келишди. Шартномадаги суммани кўриб ҳайратландик: уйнинг асосий қарзи 172 миллион сўм, шундан 29 миллион сўм ҳомийлар томонидан тўлаб берилган. Қолган суммаси учун беш йил имтиёзли давр учун ойига 976 минг сўмдан тўларканмиз. 20 йилда уйнинг баҳоси фоизи билан 305 миллион сўм бўлар экан. Оиламиздаги 3 кишининг ногиронлик нафақаси 1,5 миллион сўм. Уларга бир киши доимий қарамаса бўлмайди, тағин дори-дармон, еб-ичиш, кийим-кечак дегандай… Рости, уйнинг нархига нарх қўшилгани (?) боис тўловда қийналяпмиз.

Яна бир масала. Биз борган янги уй-жойга эҳтиёжманд оилалар учун қурилган ва ушбу тоифадаги кишиларга берилган янги уйларнинг айримларида ижарачилар яшаяпти ёки уйлар бўм-бўш турибди. Масалан, Тойлоқ туманида янги қурилган бир нечта хонадонга кирганимизда бу ерда яшовчилар мазкур уйларда пул тўлаб, ижарада туришини айтишди. Паст Дарғомда ҳам ана шундай "ижарачи"лар бир нечта экан.

Хўш,  бу уйларни олганлар шу пайтгача битта ҳовлида сиқилиб қолган, ижарада яшаётган, бошпанасиз оилалар эмасмиди? Агар ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, улар нега бу уйга келиб яшамаяпти? Бу саволларни комиссия аъзоларига берганимизда ҳар бир уйга талабгорлардан зарур ҳужжатлар тўплангани ва бу ҳужжатлар комиссия аъзолари томонидан кўриб чиқилиб, хулоса берилганини айтишди.

Масалан, Паст Дарғом туманида туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Зиёда Эшмуродованинг айтишича, туман ҳокимлиги ҳузурида тузилган махсус комиссия томонидан уйга муҳтож оилаларнинг ҳолати ўрганиб чиқилган. 2019 йилда туман комиссиясига арзон уй-жойлар олиш учун 229 кишидан ариза тушган, улардан 57 нафарини оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, 97 нафарини эса  ногиронлиги бўлган шахслар ташкил қилади. Уларнинг 32 нафарига узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида уй-жой бериш режалаштирилган ва ҳозиргача 10 нафари учун 280 миллион сўм бошланғич тўлов ҳомийлар ёрдамида тўлаб берилган.

Умуман, 2019 йилда туманлар ҳокимликлари ҳузурида тузилган махсус комиссия томонидан яшаш шароити оғир, уй-жойга муҳтож, кам таъминланган аҳоли учун Нарпай туманида 41 та, Оқдарёда 56 та, Пахтачида 21 та, Каттақўрғон туманида 34 та, Пайариқда 23 та, Паст Дарғомда 28 та, Қўшработда 30 та, Ургутда 44 та, Нурободда 12 та ва шу каби бошқа туманларда ҳам икки сотихли ҳовли ва кўп қаватли уйлар қуриляпти. Бу уй-жойлар учун ногиронлиги бўлган фуқароларга давлатимиз томонидан имтиёзли равишда ўртача 28 миллион сўмдан пул маблағлари ажратилиб, бошланғич бадал тўланаётгани ҳам бор гап. Бу яхши. Лекин, арзон уй-жойлар, аввало, ана шундай муҳтож оилаларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида берилмоқда. Афсуски, халқ манфаатларидан кўра ўз жиғилдонини ўйлаган баъзи мансабдорлар томонидан бу борадаги тартиб ва мезонларнинг бузилиши ҳолатлари ҳам кузатилганини юқоридаги мисоллар орқали билиш қийин эмас. Яъни, айрим раҳбарлар ҳақиқий уйга муҳтож бўлганларга эмас, ўзига тўқ, уй-жойи етарли кишиларга ҳам тавсиянома берганини қандай баҳолаш мумкин?

Биз бу ва мақоламиз давомида кўтарилган муаммолар, саволлар бўйича аҳолини уй-жой билан таъминлашга масъул мутасадди раҳбарлардан жавоб кутамиз. Ва, албатта, ҳақиқий уйга муҳтож бўлганлар четда қолиб, ўзига тўқ, уй-жойига эга кишиларга тавсиянома берган айрим раҳбарлар ҳақида газетамизнинг кейинги сонларида мақола берамиз.

 Акрам ҲАЙДАРОВ, Дилмурод ТЎХТАЕВ, Насиба ЖОНТЎРАЕВА,

"Зарафшон" мухбирлари.