Асқад Мухтор боғи «ўғри»лари
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор ўзининг ранг-баранг жанрлардаги насрий, лирик асарлари, жаҳон адабиётидан таржималари билан ХХ аср ўзбек адабиётининг ривожига салмоқли улуш қўшди. Гарчи ёзувчи сифатида танилган бўлса-да, унинг оргинал лирикаси ҳали-ҳануз ўзининг сеҳру жозибасини кўз-кўз этиб келмоқда.
Шеърни шоир қалбининг таржимаи ҳоли дейдилар. Бу таржимаи ҳол саналар, рақамлар, факт ва маълумотлардан эмас, қалбнинг тепиниш ва талпинишларидан, изтиробу қувончларидан, айрилиғу армонларидан, ундаги туйғу-кечинмаларнинг парвози ва поэтик мазмун касб этишидан таркиб топади.
Асқад Мухтор тасаввурида “Ўйлар давр тўлғоқлари…”, “шеър турмуш ўчоғидан олинган лағча чўғ…”, “шеър-ялт этган оний туйғу, завқ-шавқ туғёни…”. Шеъриятда ҳеч ким юрмаган сўқмоқлардан юриш истаги туфайли бу лирик қаҳрамон гоҳ шафқатсиз реалист, баъзан кўтаринки хаёллар оғушидаги романтик, бошқа бир ўринда эса аналитик ўйларга берилган шахс сифатида кўринади. Шоирнинг иқрорича, шеърларидаги бадиий идрок ва ифода мазмуни мантиқий муҳокамалар асосида эмас, аксинча, илмий мушоҳада-муҳокамаларни ҳам тахаюллар асосига қуради.
“Кардиограмма” шеърида эса келажак олдидаги жавобгарлик ва хавотир туйғусидан, умуминсоний дардлардан оғриган безовта юракнинг мувозанатини йўқотган тепинишлари гоҳ қисқариб, гоҳ чўзилаёган кардиограмманинг синиқ чизиқларида ўзлигини кўрсатади.
Асқад Мухтор лирикасида халқона шеърият анъаналари замонавий шеърнинг хусусиятлари билан уйғунлашиб кетади. Оламни поэтик идрок этишнинг янги манерасини юзага келтиради.
Мен дунёга кўз очган куним,
Гулдасталар келган онамга.
Туғилди деб хурсанд бўладиган
Эл-юрт керак экан одамга.
“Эл-юрт” аталган мазкур шеър инсон умри ҳақидаги халқона фалсафанинг гўзал намунаси.
Шоир шеъриятида умумлаштириш бору умумий гап йўқ. Воқеликдан танлаб олинган деталь, образ, метафора ёрдамида ички ва ташқи олам бир нуқтага жамланади. Асқад Мухторнинг муҳим ҳизматларидан бири шундаки, унинг лирикаси замонавий шеъриятни китобийликдан ҳаётийликка яқинлаштирди.
Шоир шеърияти сўз танлаш ва ишлатишда ҳам намуна ва ибрат мактабидир. Баъзан поэтик фикрни ифода этишга эп кўрилмайдигандек туюладиган содда, халқона сўзлардан ноёб мўъжизалар яратилади.
У баҳорда қайтди. Самбит толларнинг
Жўжа попук бўлиб гуллаган фасли.
Ранги заҳил эди. Госпиталларнинг
Деворлари сарғиш эмасми…
Аслида адабиёт норасо оламни бус-бутун, мукаммал кўриш истаги туфайли рўёбга чиққан бўлса, ажаб эмас. Шу истак боис Асқад Мухтор шеърий изҳор тарзининг ранг-баранг шакл ва услубларини синаб кўрди. Унинг шеърларидаги модернистик ифодалар халқона лирика заминидан ўсиб чиқади.
Эртагу асотирлар инсониятнинг романтик орзу-умидлари бешиги. Аммо улғайгач, инсон эртагу афсоналар руҳидан чиқиб кетолмаса, ундаги рамзлар бир восита эканлигини англамаса, мўъжиза кутиб осмонга кўз тикиб ётаверса, ҳар куни қайта-қайталаб кўриниб, билиниб, сезилиб турган оддий ҳаётий мўъжизалар: “Арининг гулга қўниши”, “қалдирғочнинг ин қуриши”, “оддий қўшиқ хиргойиси” ҳам бир бахт эканлигини тушунмаса, бундай кишига ҳаёт машаққат…Шоирнинг “Мўъжизалар “ шеъри шу ҳақида.
Ҳаётда мўъжизалар кам бўлади. Одамзод бор экан, романтик хаёлпарастдек яшайверади. Бироқ ўтмиш-ўтмиш, келажак эса ноаён. Бизнинг имконимизда фақат бугун бор. Асқад Мухторнинг лирик қаҳрамони бугуннинг одами, лекин у ўзига келажакнинг кўзлари билан қарайди. Ҳамма замон ва маконларда ҳам “дил ба ёру даст ба кор” энг яхши ақида эканлигини яхши тушунади, шу боис ҳар қандай давр бўлмасин, бугундан, шу ондан, шу лаҳза ва дақиқадан баҳра олишга, унинг қадрига етишга, ҳою-ҳаваслар йўлида умрни маънисиз ўтказмасликка даъват этади. Бу лирик қаҳрамоннинг руҳий безовталиги ана шундан. Шу сабаб халқ мақоллари моҳиятига ҳам янгича назар солади.
“Ҳавас қилмайман” шеърида “Сабрнинг таги олтин – доно қоида” эканлигини уқтирар экан...
Энди кузатаман сабрлиларни;
“Олтин” йиғадилар безаҳмат, бесас.
Эскиларми, ҳозиргиларми –
Мен уларга қилмайман ҳавас, – дейди.
Хотира - бизнинг ахборотлар сақланадиган архивимиз. Воқеликдан олинадиган таассуротларнинг салбий ё ижобийлиги инсон амалга оширадиган кейинги ҳаракатларнинг йўналишини белгилаб беради. Ҳаётда содир бўладиган ҳар бир ҳодиса сув тубига чўккан тошдек онг остида ётаверади. Турмушда ҳал этилмаган муаммолар хотира жароҳатларига айланади.
Ер қисмати ҳамон дилга ғулув солар,
Бу дунёнинг чақолмадим маъносини.
Муаммолар, муаммолар, муаммолар,
Мен ўғлимга қолдираман ҳаммасини.
Шу пайтга қадар муҳаббат мавзусида миллионлаб катта-кичик асарлар ёзилган. Асқад Мухтор ҳам шу мавзуда ёзар экан, бировни такрорламайди, янги, оригинал образ ва ифода йўсинининг таъсирдорлиги билан диққатни ўзига тортади.
Чиғаноқ ичида ётаверса,
қумдан
Гавҳар туғилармиш ниҳоят…
Қуч мени маҳкамроқ,
сенинг оғушингда
Мен ҳам жавоҳирга айлансам шояд.
Чиғаноқ ва унинг ичида туғиладиган жавоҳир алоҳида олинганда, илмий факт. Шоир ана шу фактдан қалбнинг энг нозик, инжа туйғуларини ифода этишда моҳирона фойдаланади. Ёки шоирнинг
Мен ҳушсиз йиқилсам, кўзларимни очинг –
Қорачиқларимда уни кўрарсиз, –
сатрлари ҳам анъанавий шаклнинг янги мазмун билан тўйинганлигини далиллайди.
Лирик қаҳрамон монологининг савол-жавоб асосига қурилиши, кўпинча оч қофияга мурожаат, бармоқ вазнида верлибрнинг зинапоя шаклини қўллаш, лирик миниатюраларда муайян характерлар яратиш, ҳажмнинг сиқиқ, мазмуннинг салмоқдорлиги, интеллектуал фалсафийлик Асқад Мухтор шеъриятининг хос аломатларидир.
Муҳаммад Раҳмоннинг “Асқад Мухторнинг боғи” деган шеъри бор. Унда тасвирланишича, шоирнинг боғидан бир болакай қўйнини тўлдириб мева ўғирлаб чиқади. Лирик қаҳрамоннинг нега ўғирлик қилаяпсан, деган саволини жавобсиз қолдириб, болакай қочиб кетади. Шунда Муҳаммад Раҳмоннинг лирик қаҳрамони болани чўчитиб қўйганидан афсус чекиб, шоир дўстларимиз билан ўзимиз ҳам вақтида бу “боққа”, яъни Асқад Мухторнинг шеърият боғига кўп бор “ўғриликка” тушгандик, дея ўйга толади.
Чинакам шеъриятни туйғуларнинг тарбиячиси, қалбларнинг мураббийси дейишади. Асқад Мухтор лирикаси ана шу жиҳатлари билан қадрли ва аҳамиятлидир.
Шавкат ҲАСАНОВ,
филология фанлари доктори.