Аввалги буюртмачидан 100 миллиондан кўпроқ қарзимиз бор. Чала қолган ишни ҳукумат пул берса бажарамиз
Самарқанд вилояти ҳокимлиги инжиниринг компаниясининг жавобидан шундай мазмунни англаш мумкин.
Сайтимизда халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати Б.Раҳмоновнинг 47-умумтаълим мактабининг янги ўқув йилига тайёргарлиги бўйича танқидий мақоласи берилган эди.
Вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси директори Жамолиддин Шамшиевнинг имзоси билан жавоб хати олдик.
Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 июндаги “2018-2019 йилларда Самарқанд вилоятини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори асосида мактабда қурилиш-таъмирлаш лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган.
Пудратчи ташкилот “Бунёд-сантехмонтаж” МЧЖ томонидан ушбу объектда 2 миллиард 627,4 миллион сўмлик 1-босқичдаги мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилган. Яъни, 3 қаватли бинода 21 та синфхона ва том қисми мукаммал таъмирланган. Бундан ташқари, алоҳида иситиш қозони, ички қувурлар алмаштирилган, замонавий “АКFА” иситиш мосламаси ўрнатилган.
Бажарилган ишлар учун буюртмачи - Инжиниринг компанияси томонидан пудратчи ташкилотга 2 миллиард 493 миллион сўм молиялаштирилган.
Ҳақиқатдан ҳам мактабнинг 2-босқич капитал таьмирлаш ишлари бошланмаган. Мавжуд муаммони ҳал этиш юзасидан тегишли далолатномалар тузилиб, лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган.
Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисининг 4 апрелдаги “Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2020 йилда қўшимча ижтимоий ва инфратузилма обьектларини шакллантириш ва амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 41-сонли баёнига кўра, вилоятдаги 22 та умумтаьлим мактабларини қурилиши учун 65 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Ушбу маблағлар ажратилиши билан Самарқанд шаҳридаги 47-умумтаьлим мактабида ҳам қурилиш таьмирлаш ишлари амалга оширилади.
Таҳририятдан: Қизиқ, жавоб хатида нимагадир 1-босқич ишларини амалга оширган пудратчи ташкилотдан юзага келган 100 миллиондан кўпроқ қарздорлик қандай қопланиши ҳақида лом-мим дейилмаган. Энди “Бунёд-сантехмонтаж” ҳам “Умиджон газ-сув қурилиш” МЧЖга ўхшаб қайси деворга бош уришни билмай юраверадими?