Аёллик шаънига доғ ёхуд фарзандфурушлар қисмати
Зулфизар Маҳанова (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2017 йилнинг октябрь ойида жомбойлик С.Валиев билан шаръий никоҳ асосида турмуш қурган. Ёш оила Самарқанд шаҳрида ижарада яшаб келган. 2018 йилнинг февраль ойида ўзаро оилавий жанжал сабабли Зулфизар вояга етмаган фарзанди Фазлиддинни олиб уйдан чиқиб кетади ва алоҳида яшай бошлайди.
Зулфизар товуқ фермасида ишлаётганда бу ердагиларга 2018 йил 31 июлда туғилган ёлғиз фарзанди Фазлиддинни сотиш мақсади борлигини айтади.
Кунларнинг бирида ўзини Темур деб таништирган йигит Зулфизарга қўнғироқ қилади ва боласини сотиш нияти бор-йўқлигини сўрайди.
Зулфизардан розилик ҳақидаги жавобни эшитгач, Темур уни Қўшработ туманига олиб боради.
Зулфизар боласини сотиб оладиган оилани кўрсатишни сўрайди. Шунда унинг олдига ўзларини Азиз ва Нигора деб таништирган эр-хотин келади.
Улар Зулфизарга турмуш қурганига ўн йил бўлгани, бироқ ҳалигача фарзанд кўришмагани сабабли Фазлиддинни сотиб олиб, яхши тарбиялашни айтишади ва «Булоқбоши» маҳалласидаги намунали уйлардан бирини кўрсатишади. Улардан 400 АҚШ доллари ва 950 минг сўм пулни олиб, Фазлиддинни қолдириб кетаётганида З.Маҳанова жиноят устида қўлга олинади...
***
Оқдарёлик Хуршида Равшанова 2014 йилда А.Солиев билан турмуш қуриб, 2018 йилда ўғил фарзандли бўлади. Бироқ фарзанд оила риштасини мустаҳкамламади. Хуршида билан Алишер ажрашишди.
Шундан сўнг Хуршида шаръий никоҳ асосида С.Қурбонов билан турмуш қуради.
Хуршида Каттақўрғон шаҳридаги ошхонада ишлаб юрган вақтида яхши оила топилса, ўғлини уларга топширишини маълум қилади. Тез орада ўзини Ҳилола деб таништирган бир аёл укаси билан Хуршиданинг олдига келиб, ўғлини сотиб олишини айтади.
Хуршида ўғлини 1,5 минг АҚШ доллари ва 10 миллион сўмга сотаётганда қўлга олинди.
Суд фарзандфуруш З.Маҳановага 5 йилу 6 ой, Х.Равшановага 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Илёс Дониёров,
жиноят ишлари бўйича Оқдарё тумани суди раиси.