Аёлнинг сариштаси - рўзғорнинг фариштаси

Кейинги йилларда 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни кенг нишонланмоқда. Жойларда турли тадбирлар, анжуман, танловлар ўтказилмоқда. Самарқандда қишлоқ аёллари учун қандай шароитлар яратилаётгани, имкониятлар, кўмаклар берилаётгани ҳақида вилоят ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Раҳмонова Zarnews.uz’ га маълумот берди.

- Биз узоқ йиллар давомида қишлоқ аёли деганда фақат далада, томорқада ишлаётган аёллар қиёфасини тасаввур қилдик, - деди З.Раҳмонова. -  Қишлоқ аёли дейилдими, албатта, у ё пахта даласида теримчи ёки сут соғувчи сифатида гавдалантирилди оммавий ахборот воситаларида. Кейинги йилларда бу масалада вазият тамомила ўзгарганини кузатяпмиз.

 Бугун вилоятда хотин-қизларнинг бир миллион етти юз мингга яқинини қишлоқда яшовчи аёллар ташкил қилади. Хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, иқтидорлиларига кўмак бериш каби вазифаларнинг асосий қисми қишлоқ ҳудудларида амалга оширилмоқда.

Қишлоқ аёлларини ишли қилиш, уларга кўмаклашишда жиддий ўзгаришлар амалга оширилаётир. “Темир дафтар”да рўйхатда турган аёллар ҳам тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, бугун яхши натижаларга эришяпти. Айни кунларда қишлоқ ҳудудларида 14205 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, уларга имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Тўғриси, кам таъминланган оилаларга кредит бериб, натижага эришиш биз учун хом хаёл бўлиб қолганди. Сабаби, яхши биласиз, кредит олиш шаффофлиги таъминланмас, натижада улар керакли мақсадга ишлатилмасди. Бугун бу масала пухта ўйланган, инсон омили аралашмайдиган тарзда йўлга қўйилди. Яъни, иш бошламоқчи бўлган хотин-қизлар аниқ лойиҳалари билан маҳалланинг хотин-қизлар фаолига мурожаат қилади. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг республика миқёсида ягона базаси ташкил этилган. Банк тизими айнан шу базага уланган. Ишини бошламоқчи бўлган аёллар зарур жиҳозларнинг номини, маблағини кўрсатади. Ҳаммаси электрон тарзда амалга оширилади. Шу тариқа бугун тикувчилик, пишириқ пишириш, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича ўз ишини бошлаган аёллар сони кескин ошди.

Бугунга келиб, “Аёллар дафтари”да рўйхатда туриб, уларга моддий ёрдам берилгач, томорқа хўжалиги билан шуғулланаётган аёллар 482 нафарни ташкил этмоқда.

Шунингдек, ушбу “дафтар”да турувчи 2656 нафар хотин-қизга 32 миллиард 411 миллион сўм кредит берилган.

Мен қишлоқ ҳудудларида фермерлик қилиб ёки йирик савдо-сотиқ ва бошқа тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизларга атайин алоҳида тўхталмадим. Сабаби, улар аллақачон ўз ишини йўлга қўйиб олган. Бугун шароити оғир аёлларнинг ҳам берилаётган имкониятлар туфайли ўзини тиклаб олаётгани асосий ютуғимиздир.

Кейинги йилларда 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни ҳам кенг нишонланмоқда. Жойларда турли бадиий кечалар, чиройли анжуман, танловлар ўтказилмоқда. Буларнинг барчаси қишлоқ аёлларига эътибор, уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш йўлидаги кичик бир қадамлардир. Бугун қишлоқда яшовчи аёлларнинг оиласи фаровонлиги йўлида аниқ мақсади, режаси бор, ўзига ишончи ортган, ишонч, ҳаракат бор жойда эса албатта, натижа бўлади.