Айрим ҳунармандлар имтиёзларни суиистеъмол қилмоқда. Нега?
Самарқанд вилояти ҳокимлигида ҳунармандчиликни ривожлантириш, ушбу фаолият билан шуғулланувчиларга янада қулай шароит яратиш, мавжуд муаммоларнинг олдини олишга бағишланган таҳлил ўтказилди.
Таъкидландики, мамлакатимизда ҳунармандчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳунармандлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, улар учун кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилмоқда. Вилоятимизда ҳам бу борада салмоқли ишлар амалга оширилган. Бунинг натижасида 2020 йил 1 март ҳолатига вилоятда “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар сони 2164 нафарга етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 664 тага кўпдир.
- Ҳунармандларга Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги "Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан янада кенгроқ имконият яратилди, - деди вилоят ҳокимининг ўринбосари Ж.Ўроқов. - Аммо айрим ҳунармандлар ҳануз норасмий фаолият юритмоқда, солиқлардан қочиш ҳолатлари кузатилмоқда. Масалан, 393 маҳаллада ўтказилган хатловларда 823 нафар ҳунарманд ҳеч қаердан рухсатдан ўтмасдан фаолият кўрсатаётганлиги аниқланди. Бу давлатимиз томонидан яратилган шароитларга нисбатан беписандлик эмасми? Уларнинг солиқ тўламаслик учун турли ноқонуний йўлларни танлаётганига сабаб нима?
Таҳлил давомида “Ҳунарманд” уюшмаси ходимларининг фаолият кўрсатиши учун Жомбой, Пахтачи, Булунғур туманларида ҳокимликлар томонидан тегишли хоналар ажратиб берилмагани, аксарият деҳқон бозорлари ва савдо комплексларида “Ҳунармандлар растаси” ташкил этилмагани, самарқандлик ҳунармандлар маҳсулотларининг чет эл бозорларида намойиш этилиши ва сотилиши бўйича белгиланган тадбирлар етарлича амалга оширилмаётганлиги танқид қилинди, “Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги”га вилоятдан атиги 11 нафар ҳунарманд киритилгани айтиб ўтилди. Шунингдек, муҳокама давомида ҳунармандчиликнинг туризмни ривожлантиришдаги ўрни алоҳида эканлиги таъкидланиб, вилоятнинг сайёҳлик объектларида ҳунармандлар фаолиятини кенг йўлга қўйиш, маҳсулотлари ассортиментини кўпайтириш, уларга имтиёзли банк кредитлари ажратиш, шунингдек, ёшларга “Уста-шогирд” анъанаси асосида ҳунар сирларини ўргатиш ишларига алоҳида эътибор бериш зарурлиги айтилди.
Шу каби муаммоларга барҳам бериш, карантин даври ўтгандан сўнг 2020 йил 1 сентябргача ҳунармандчиликка берилаётган имтиёзларни кенг тарғиб қилиш, ҳудудларда норасмий фаолият кўрсатаётган ҳунармандларни бир ой муддатда расмий фаолиятга ўтказиш чораларини кўриш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди.