Айрим муаллимларни ўқувчилар нега ҳурмат қилишмайди?

o'qtuvchi

           Иллюстратив фото       

Қарийб бир ой давом этган кўрикда ўша муаллимнинг компьютер функциялари каби ўхшаш жиҳатларига гувоҳ бўлдик. Яъни, Абдулла муаллим мурожаат қилган ҳар бир кишига аниқ, лўнда жавоб қайтарар, гапни умуман такрорламас, эринчоқлик қилмас, сўзлашида пала-партишлик ҳам кузатилмасди. Компьютер тугмачасини боссангиз "олам гулистон" бўлгани каби у киши ҳам бирон-бир мисол ёки масалани эринмасдан, соатлаб тушунтирар, ишидан дили таскин топмагунча бошқа ишга ўтмасди.

"Компьютер" муаллимнинг бу хатти-ҳаракатлари болалигимдаги Жўрақул чўпонни эслатиб юборди. Касбига меҳри туфайли Жўрақул ака кўп йиллар одамларнинг, колхознинг мол-қўйларини боқди. У кишини ҳатто колхоз раиси, райком котиби ҳам ҳурмат қиларди. Йилнинг  келишини, дашту далани яхши билган бу чўпон ишлаган даврда биронта жонивор касал бўлмаган, йўқолмаган, нобуд ҳам бўлмаганди. У давлатнинг, элнинг корига ярашни лаззат деб билар, касбига меҳри, садоқати жуда баланд эди.

8-синф ўқувчиларини тиббий кўрикдан ўтказаётган пайт мактаб физика фани ўқитувчисининг шогирдлари олдида иззат-ҳурмати йўқлиги бизни ажаблантирди. Бу муаллимнинг буюрган ишини ўқувчилар бажармас, ўзларини эшитмаётганга солаётгани эътиборимизни тортди. Пайт топиб, бу ҳолатни "Компьютер" муаллимга айтдим:

– Устозга бундай ҳурматсизлик қилишнинг сабаби нимада?

– Дўхтир, бу ўқитувчининг илмсизлиги, ўз устида ишламаслиги, касбига меҳрсизлигидан, – дейди Абдулла муаллим. – Фанига иштиёқи йўқлиги, шогирдлари талаб қилаётган билимни беролмаётгани боис шу ҳолатга тушган. Шуларни инобатга олиб, бу муаллимни уч марта малака ошириш курсларига ўқишга юбордик. Аммо натижа бўлмаяпти. Буёғи қишлоқчилик, юз-хотир, қариндош-уруғ деган одатларимиз бор. Бунга қолса, ойлик маош олиб юраверса, рўзғори, куни ўтса бўлди. Афсуски, кейинги йиллар бундай педагоглар сафи анчагина кенгайиб қолди. Айниқса, халқ таълими муассасаларида фидойи, жонкуяр, халқ дардини ўйлайдиган ўқитувчиларни йўқотиб қўйдик. Саводсиз дўхтир бир-икки, нари борса, уч-тўрт инсоннинг соғлиғига путур етказар. Лекин муаллимнинг илмсизлиги бутун бир авлодни, асрларни "ботқоқ"қа ботиради.

"Компьютер" домланинг бу гаплари мени чуқур ўйга толдирди. Ростдан ҳам шундайми?

Муродим УМРЗОҚОВ.