Бағдоддаги COVID-касалхонасидаги ёнғин қурбонлари 88 кишига етди, 100 дан ортиқ ходим ва бемор жароҳатланди
Ироқ ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, 24 апрель куни кечқурун кислород баллонлари сақлаш жойида портлаш содир бўлган, шундан сўнг жонлантириш бўлимини ёнғин қамраб олган ва саросима бошланган.
Ёнғинни ўчиришда 30 га яқин ўт ўчирувчи мосламалар ишга солинди, маҳаллий аҳоли одамларни эвакуация қилишга ёрдам берди. Ироқ соғлиқни сақлаш вазирлигининг дастлабки маълумотларига кўра, 200 дан ортиқ жабрланганлар ҳаёти сақлаб қолинган. Икки қаватли бинонинг ички хоналари тўлиқ ёниб кетган.
Ироқда уч кунлик мотам эълон қилинди. Бош вазир Мустафа ал-Казимий фожиа сабаби сифатида бепарволик ва нотўғри бошқарувни айблади. Араб нашрлари хабар беришича, бинолар тез ёнувчан материаллар билан қопланган, шифохонада ёнғин тизими мавжуд эмас, фавқулодда хизматлар эса ёнғин сигналини кеч олишган.
Текширув доирасида касалхона бош шифокори ҳибсга олинган. Ироқ соғлиқни сақлаш вазири ва Бағдод губернатори лавозимидан озод этилган.