Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Банкчилар каттақўрғонлик аҳоли муаммосини ўрганиб, уларни тадбиркорликка ундамоқда

Айни кунларда “маҳаллабай” ишлаш тизимини жойларда жорий қилиш, муаммоларни маҳаллабай, хонадонбай кесимида чуқур ўрганиш, шунингдек, иқтисодий имконияти паст бўлган хонадонларни доимий даромад билан таъминлаш мақсадида “Асака банк” акциядорлик тижорат банки республика ва вилоят филиали ходимларидан иборат ишчи гуруҳ вакиллари Каттақўрғон тумани аҳолисининг муаммо ва таклифларини ўрганмоқда.

Мазкур туманда 69 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, ишчи гуруҳ аъзолари Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган селектор йиғилишида берилган топшириқларни бажариш учун тизимли равишда ҳар бир маҳалла, қишлоқда яшовчи хонадонлар рўйхати бўйича дастлабки амалий ишларни бошлаб юборди.

Аввало, туман ҳокимлигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, унда банкимиз ходимлари маҳалла раислари ва фаоллари ҳамкорлигида “маҳаллабай” ишлаш тизими қай йўсинда ташкил этилиши, ҳудуддаги иқтисоди ночор хонадонларни доимий даромад билан таъминлаш юзасидан қилиниши лозим бўлган вазифалар келишиб олди. Унда “Асака банк” томонидан мазкур тумандаги ҳар бир маҳалла учун алоҳида тайёрланган “Амалга оширилган ишларни қайд этиб бориш” китоби, шунингдек, Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган “Аҳоли хонадонларини доимий даромад билан таъминлаш юзасидан ИШЧИ ҚЎЛЛАНМА” барча маҳаллаларга тақдим этилди. Уларга мазкур қўлланмадан фойдаланиш, қайд этиш китобини юритиш тартиблари тушунтириб берилди.

Шундан кейин ишчи гуруҳ вакиллари туманнинг 4-сектори ҳудудидаги “Ойжон” маҳалла фуқаролар йиғинини намуна тарзда танлаб олиб, мазкур маҳаллада амалга оширилган ишлар, маҳалла аҳлининг имкониятлари ва уларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганишга киришди. Унда, айниқса, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган хонадонларнинг мавжуд муаммолари биринчи навбатда ҳал этилишига эътибор қаратилди. Шунингдек, ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, мазкур маҳалланинг ўсиш нуқтаси “қишлоқ хўжалик ва чорвачилик маҳсулотларини етиштириш” соҳаси эканлиги ва бу билан хонадонларни доимий даромадга олиб чиқиш мумкинлиги аниқлаб олинди.

Шундан келиб чиқиб, хонадон соҳибларига уларнинг имкониятларини ўрганган ҳолда иссиқхона барпо этиш, томорқа хўжалигини ривожлантириш, қорамолчилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик каби тармоқлар билан шуғулланишларини таъминлаш учун имтиёзли кредитлар ажратишга киришилди. Масалан, ушбу маҳаллада яшовчи Искандар Отақулов “Ёшлар дафтарига” киритилган. Унга ўзида мавжуд 200 бош товуқни 1000 бошга кўпайтириши учун банкимиз томонидан “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури асосида кредит ажратиладиган бўлди. Шунингдек, шу маҳаллада яшовчи Шуҳрат Шукуровга балиқчилик билан шуғулланиши учун 30 миллион сўмгача кредит ажратиш белгиланди.

Айни кунда туманда “маҳаллабай” ҳолда ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.

Ҳусниддин Ўрозов,

“Асака банк” акциядорлик тижорат банки Самарқанд вилоят филиали бошқарувчиси вазифасини бажарувчи.