Банкларни хусусийлаштириш бошқарувнинг замонавий стандарт ва усулларининг жорий этилишига замин яратади

Президентимизнинг Парламентга мурожаатномасида юртимизда банк тизимини ривожлантириш борасида ҳам бир қатор фикрларни билдириб ўтди. Жумладан, банкларни трансформация қилиш ишлари, уларнинг фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этишни янада фаоллаштириш лозимлиги таъкидланди.

Глобал пандемия «мобил банкинг» ва «рақамли банкинг» тамойилларига асосланган бизнес-моделларини жорий этишнинг аҳамияти макроиқтисодий ҳам банклар, ҳам банк хизматлари истеъмолчилари учун нечоғлик юқори эканлигини яққол кўрсатиб берди.

2020 йил банклар томонидан кўрсатилган “рақамли банкинг” хизматлари ҳажми ортди. Хусусан, Самарқанд вилоятида ажратилган “онлайн” кредитлар ҳажми 20 миллиард сўм, мобиль иловалар орқали жойлаштирилган депозитлар ҳажми 70 миллиард сўм, мобил иловалар орқали кўрсатилган халқаро пул ўтказмалари ҳажми 500 минг АҚШ долларидан ошди. Автоматлашган валюта айирбошлаш шохобчалари орқали 3,3 миллион АҚШ доллари сотилиб, 400 минг АҚШ долларидан кўпроқ маблағ харид қилинди. Аммо бу рақамлар умумий портфел ва хизматлар ҳажмида жуда ҳам кичик улушни ташкил этади. Шундан келиб чиқиб, 2021 йил вилоятда банк хизматлари кўрсатишда ахборот технологиялари, рақамли банкинг технологияларини кенг жорий этиш орқали масофавий хизматлар кўламини ошириш энг устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди.

Бундан ташқари, Мурожаатномада “Саноатқурилишбанк”, “Асакабанк”, “Ипотекабанк”, “Алоқабанк”, “Туронбанк” ҳамда “Қишлоққурилишбанк”ни хусусийлаштиришга тайёрлаш, камида битта йирик банкдаги давлат улуши стратегик инвесторларга тўлиқ сотилиши белгиланди.

Вилоятда ҳам юқорида қайд этилган 6 та банкнинг 9 та филиали мавжуд. “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”га мувофиқ иқтисодиётни, шу жумладан, банк тизимини ривожлантириш ва либераллаштириш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Натижада чет эл банкларининг Ўзбекистон бозорига киришга хоҳиши ортмоқда. Хусусан 2019 йилда йирик молиявий гуруҳлардан бўлган Қозоғистоннинг “Halyk Bankи”нинг “Tenge Bank” шўъба банки, 2020 йилда эса Грузиянинг “TBC Bankи” юртимизда ўз фаолиятини бошлади. 2020 йил декабрда “Tenge Bank”нинг банк хизматлари маркази Самарқандда ҳам иш бошлади.

Банк соҳасидаги ҳозирги ҳолат таҳлили давлат иштирокидаги банкларда менежмент ва таваккалчиликларни бошқариш сифатининг етарли эмаслиги, улар иқтисодий янгиланишлар ва жамият эҳтиёжларига мос равишда ривожлана олмаётганлигини кўрсатмоқда.

Молия муассасаларини хусусийлаштириш, давлат улушини стратегик инвесторларга сотилиши уларнинг иқтисодиётда молиявий воситачиликнинг юқори даражасига чиқишига, уларда бошқарувнинг замонавий стандарт ва усулларининг жорий этилишига замин яратади, рақобатбардошлигини ва молиявий барқарорлигини таъминлайди.

Шерзод СУВОНҚУЛОВ,

Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари.