Бариатрик жарроҳлик нима? Уни Самарқандда амалга оширишдан кимга наф?

Яқинда вилоят Кенгаши депутатлари Республика ихтисослашган Эндокринология илмий амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят филиалида бариатрик жарроҳликни амалиётга татбиқ этиш учун бюджетдан 1 млрд. 265 млн. сўм ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди. Нега?

Бугунги кунда семизлик дунё аҳолисининг соғлиғига жиддий хавф солаётган муаммолардан бири ҳисобланади. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда 2 миллиард одам ортиқча тана вазнига эга. Уни даволашда энг кенг қўлланиладиган усуллардан бири “бариатрия” жарроҳлиги (грекча - семизликни даволаш) ҳисобланади. Бариатрия парҳез ва медикаментоз усулларни ҳам ўз ичига олишига қарамасдан, у ҳақида гап кетганда кўпчилик жарроҳлик усулини кўз олдига келтиради.

Тана вазни индексининг 35кг\м2 дан ошиқлиги, семизлик фонида қўшимча касалликларнинг бўлиши ва тез ривожланиб боришида бариатрик жарроҳликка кўрсатма берилади.

Шунингдек, турли терапевтик даво усулларининг самарасизлиги ҳам бу усулни қўллашни тақозо қилади.

Ҳомиладорлик ва лактация даврида, анамнезда турли руҳий касалликлар бўлиши, алкоголизм ва наркомания, умумий анестезияга қарши кўрсатма бўладиган касалликларда бариатрик жарроҳлик амалга оширилмайди.

Бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида бариатрик хирургия кенг йўлга қўйилган. Бироқ ушбу жарроҳлик усули учун анча катта маблағ сарфланади. Масалан, Туркияда 5 500, Австралияда 25 000, Буюк Британияда 8 000-15 000, Бирлашган Араб Амирликларида 13 000, Ҳиндистонда 6 500-8 000 доллар.

Ўзбекистонда бариатрик жарроҳлик янги даво усулларидан бўлиб, амалиёт кўпроқ хусусий шифохоналарда чет эллик мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўтказилади. Шу боис, Эндокринология илмий амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида мазкур даволаш усулини амалиётга татбиқ этиш режалаштириляпти.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори билан ушбу мақсад учун маҳаллий бюджетдан 1 млрд. 265 млн. сўм ажратилиши белгиланди.

Савол туғилиш табиий, мутахассисларчи? Айтиш мумкинки, марказ эндокринолог-диетолог, реаниматолог, жарроҳ мутахассислари дунёнинг кўзга кўринган клиникаларида малака оширмоқда.

Яъни, яқин кунларда бариатрик жарроҳлик усули Самарқанд вилоятида йўлга қўйилиб, халқимиз учун катта қулайликлар яратилади. Ўйлаймизки, бу тиббий туризмнинг ривожланишига ҳам замин яратади.

Гулзода Негматова, Эндокринология илмий амалий тиббиёт маркази вилоят филиали бошлиғи.