“Бартараф этилди”, дея ёлғон маълумот берилаверадими?
Жорий йилнинг 28 январида сайтимизнинг "Ким қилади-я, шугинани-я?!" рукни остида Самарқанд шаҳри Буюк Ипак йўли кўчаси, "Ниҳол" ресторани олдидаги ичимлик суви қувурининг ёрилиши оқибатида ичимлик суви исроф бўлаётгани ҳақида хабар бергандик.
Орадан 9 ой ўтган бўлса ҳамки, бу муаммо ҳалигача тўлиқ бартараф этилмабди. Ваҳоланки, ўша пайт соҳа мутасаддилари “муаммо бартараф этилди” деб маълумот беришганди.
Шу ўринда савол туғилади, бу каби ёлғон маълумот беришдан ким манфаатдор? Шунча вақтдан буён беҳуда оқаётган сувнинг ҳисобини ким қилади?
Қолаверса, ушбу кўчанинг 200 метрдан ортиқ қисми ковланиб, ичимлик суви учун қувур ташланяпти. Аммо ишлар охирига етказилмасдан, чала қолдириб кетилган. Али Қўшчи ва Буюк Ипак йўли кўчалари кесишмасида ковланган чуқур очиқлигича қолдирилгани етмагандек, ундан чиқаётган тоза сув оқава сув қувурига бошқариб қўйилган.
Яна таклорлаймиз, "Сувоқава" ишлаб чиқариш корхонаси Самарқанд шаҳар бўлими масъуллари ёки тегишли мутасаддилар бу муаммони қачон бартараф этишаркан?
Бахтиёр МУСТАНОВ.