Бахтга қандай эришиш мумкин?
Профессор ҳар бир талабага биттадан шар берди. Талаба шарни шишириши, қоғозга ўз исмини ёзиб, шар ичига қўйиб, уни хона ўртасига ташлаб қўйиши керак эди. Сўнг профессор шарларни аралаштирди ва талабаларга ўз шарини топиб олиши учун 5 дақиқа вақт берди. Талабалар қанча изламасин, ҳеч ким ўз шарини топа олмади.
Шунда профессор талабаларга биринчи тўғри келган шарни олиб, исми ёзилган одамга беришни буюрди. 5 дақиқада ҳар бир талабанинг қўлида ўзининг шари бор эди.
Бу ҳолатни кузатиб турган профессор талабаларга шундай деди:
- Бу шарлар бахтга ўхшайди. Агар ҳар бир киши фақат ўз бахтини топишга ҳаракат қиладиган бўлса, уни ҳеч қачон топа олмайди. Лекин биз нафақат ўзимиз ҳақимизда, балки яна бошқа бировнинг бахти ҳақида қайғурсак, шунда ўз бахтимизга эриша оламиз.