Байрамларда қўшимча ишланмайдиган кунлар уч кундан кам бўлмаган муддатга белгиланади
28 декабрь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистонда зиёрат туризмини янада ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари” тўғрисидаги Президент фармони лойиҳаси жойлаштирилди.
Лойиҳада, Рўза ҳайит (Ийд ал-Фитр) ва Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрамлари, Наврўз умумхалқ байрами, Мустақиллик куни ҳамда Янги йил байрамини нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунлар уч кундан кам бўлмаган муддат белгиланиши кўрсатилган.
Ҳар йили 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда келгуси йил учун байрам ва қўшимча ишланмайдиган кунлар тақвими эълон қилиб боришлари лозим бўлади.
Ота-оналар, қариндошлар, қариялар ва устозлар билан биргаликда саёҳат қилишни назарда тутувчи беш иш кунидан кам бўлмаган "оилавий зиёрат таътили" тизими жорий қилинади. Бунда, “оилавий зиёрат таътили” йиллик асосий таътил ҳисобидан тақдим этилади ва жамоавий шартномаларга мувофиқ иш берувчининг розилиги билан амалга оширилади.
Шунингдек, меҳнат жамоалари орасида мамлакат бўйлаб саёҳат қилишларини рағбатлантириш мақсадида “Саёҳат етакчиси” тизими жорий қилинади. Бунда, туризм мавсуми паст бўлган даврда ўз меҳнат жамоаларига саёҳатлар ташкил қилган энг фаол 1 000 нафар “Саёҳат етакчиси”га йил якуни билан Ўзбекистон бўйлаб турли мавзудаги саёҳатлар бепул асосда тақдим этилади.
Мамлакат бўйлаб саёҳатларни рағбатлантиришга қаратилган, шу жумладан, бонуслар йиғиб бориладиган, тавсия этиладиган туризм намойиши объектлари тўғрисида маълумотлар акс этган ҳамда саёҳатларни қайд этадиган тизимни назарда тутувчи “Турист паспорти” жорий этилади ва унинг доирасида энг фаол сайёҳлар мукофотланиб борилади.
Қарор лойиҳасининг моҳокама якунлаш санаси 2021 йилнинг 12 январигача.