Бектемир Мелиқўзиев Габриэль Росадога қарши реванш жангини ўтказади

Бектемир Мелиқўзиевнинг навбатдаги жанги тафсилотлари маълум бўлди. Суперўрта вазн тоифасида ўзбекистонлик профессионал боксчи Бектемир Мелиқўзиев (11-1) навбатдаги жангини қачон ва қаерда ўтказиши маълум бўлди.

Ҳамюртимиз 22 апрель куни Америка Қўшма Штатларининг Лас-Вегас шаҳридаги T-Mobile аренада ташкил этилаётган бокс оқшомида рингга чиқади. Мелиқўзиевга собиқ рақиби, мексикалик Габриэль Росадо (26-16-1) рақиблиқ қилади. Бектемир проф-боксдаги ягона мағлубиятини айнан Росадодан қабул қилиб олган.

Таъкидлаш жоиз, Premier Boxing Championship томонидан ташкил этилаётган турнирнинг марказий жангида енгил вазн тоифаси вакиллари — Жервонта Дэвис ва Райан Гарсия тўқнаш келади.

Эслатиб ўтамиз, Бектемир Мелиқўзиев сўнгги жангини 29 январь куни америкалик Улисес Сьеррага қарши ўтказиб, муддатидан аввал зафар қучган эди. Росадо эса оҳирги учта жангининг барчасида мағлуб бўлди, унинг сўнгги ғалабаси Бектемир Мелиқўзиев билан жангга тўғри келади.