Бектемир Мелиқўзиев рақибини биринчи раунднинг ўзидаёқ нокаутга учратди

Бугун тонгда Олимпия ўйинлари ҳамда жаҳон чемпионати совриндори Бектемир Мелиқўзиев проф рингдаги иккинчи жангини якунлади.

Чарм қўлқоп устамиз АҚШнинг Калифорния штати Пасадена шаҳридаги Pasadena City Hall аренасида давом этаётган бокс кечаси доирасидаги жангда мексикалик Рикардо Адриан Луна Флоресга қарши рингга кўтарилди.

Саккиз раундга мўлжалланган жанг муддатидан анча олдин тугади. Бектемир тажрибали рақибини биринчи раунднинг ўзидаёқ нокаутга учратди. Рефери Жек Рейсс жангни тўхтатишга мажбур бўлди, деб хабар берди Оламспорт нашри.

Маълумот учун, Рикардо Флорес проф рингда бугунгиси билан қўшиб ҳисоблаганда 30 та жанг ўтказган. Ҳисобида 22 та ғалаба ва 14 та нокаут бор. Бугун у еттинчи мағлубиятидаги учинчи нокаутини қабул қилиб олди. Битта жанг дуранг билан якунланган.

Бектемир Мелиқўзиев эса бугун проф рингдаги иккинчи ғалабасига эришди. Ҳамюртимиз дебют жангини 13 июнь куни ўтказган ва ўшанда ҳам биринчи раундда аргентиналик Мартин Риосни нокаутга учратган эди.