Беларусда норозилик намойишлари сабабли 650 дан ортиқ жиноий иш қўзғатилди

Беларусь бош прокурори Андрей Шведнинг айтишича, мамлакатда кузатилаётган сайловлардан кейинги норозилик намойишлари сабабли 650 дан ортиқ жиноий ишлар қўзғатилган. Бундан ташқари, яқин кунларда содир этилган жиноятлар терроризм, деб баҳоланишини маълум қилди. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар берди.

“Октябрь ойининг бошида оммавий тартибсизликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларига, мансабдор шахсларга нисбатан зўравонлик ҳаракатларини содир этиш ҳолатлари бўйича 400 дан ортиқ жиноий иш қўзғатилди. Октябрь ойининг ўрталарида 500 дан ортиқ бўлиб, бугун сўз 657 та жиноий иш тўғрисида бормоқда”, деди Швед “Беларусь 1” телеканали эфирида.
Унинг сўзларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими мавжуд воқеаларга мослашиб бўлган ва барча ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилади.

“Аслида, сўнгги бир неча ҳафтада радикал ва ўта радикал шаклга ўтган уруш бўлмоқда. Жамоатчиликка маълум бўлган айрим ҳолатлар юзасидан айбдор шахслар ҳаракатларининг барча оқибатларини терроризм, деб баҳолаш масаласи кўриб чиқилмоқда”, деди Беларусь бош прокурори.

Унинг таъкидлашича, сўнгги вақтларда қўзғатилган жиноий ишлар сонининг ортиши замирида жамиятда содир бўлаётган воқеаларнинг радикаллашуви ётибди. Намойишчилар дастлаб автомобиль ғилдиракларини ёқишади, “Молотов коктейли” билан ҳужум қилишади. Кейин эса “Келинглар ўлдирамиз”, дейди.

Швед судга оширилган жиноий ишлар бўйича 9 та суд ҳукми ўқилганини ва ҳукм ўқилган шахсларнинг асосий қисми озодликдан маҳрум қилинганини маълум қилди.
“Бундай тажриба давом эттирилади. Оммавий тартибсизликларда қатнашаётган вақтда шахс ҳаётига, соғлиғига, жамоат хавфсизлигига таҳдид қилган ҳар бир шахс судланади ва энг узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Ҳар ҳолда давлат айбловчилари ҳар бир ишда шуни талаб қиладилар”, деди у.