Белгиланмаган жойда чўмилманг! Жорий йилда 4 нафар фуқаро сувда чўкиб вафот этган

Ҳар бир фаслнинг ўзига яраша жозибаси бўлгани каби ёзнинг иссиқ тафти ҳам инсонларни соя-салқинликка чорлайди. Замонавий совутгич ўрнатилган хонада дам олишга, муздек салқин ичимлик ичишга ёки бўлмаса ҳузурбахш сувда маза қилиб чўмилишга нима етсин.

Бироқ статистик маълумотларга қараганда, ҳар йили дунёда 360 минг нафарга яқин инсон белгиланмаган жойларда чўмилиш оқибатида ҳаётдан бевақт кўз юмар экан.

Биргина, вилоятимизда фуқароларнинг сувда чўкиб вафот этишлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларга эътибор қаратамиз: 2016 йилда 8 нафар, 2017 йилда 18 нафар, 2018 йилда 15 нафар ҳамда жорий йилда ёз бошланмасдан 4 нафар фуқаролар турли сабабларга кўра сувда чўкиб вафот этган.

2016-2018 йиллар мобайнида вилоят ҳудудида сувда чўкиб ҳалок бўлган фуқароларнинг 41,5 фоизини 23 ёшдан 53 ёшгача, 33 фоизини 13 ёшдан 22 ёшгача бўлган фуқаролар ҳамда 25,5 фоизини 12 ва ундан кичик ёшда бўлган болалар ташкил этмоқда.

Ёшлар ўртасида юзага келаётган сувдаги ҳалокатларнинг аксарияти уларнинг назоратсиз қолдирилиши ва ўзбошимчаликлар оқибатида, катта ёшдаги фуқароларнинг сувга чўкишларига эса уларнинг спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, маст ҳолда чўмилиш учун сувга тушишлари сабаб бўлмоқда.

Сувга чўкиш ҳолатларнинг деярли 99 фоизи белгиланмаган ва чўмилиш рухсат этилмаган жойларда қайд этилган. Бундай жойлар Зарафшон, Оқдарё ва Қорадарё дарёлари, Каттақўрғон, Оқдарё, Тўсинсой, Қорасув ва Қоратепа сув омборлари, Дарғом, Булунғур, Шахоб, Хатирчи-Миёнкол, Туятортар, Мирзаариқ, Каттақўрғон сув омборига кириш ва чиқиш, Нарпай ва Сиёб каналлари, шунингдек, Янгиариқ каби йирик ариқлар киради.

Мазкур сув объектлари қишлоқ хўжалигида мелиорация тадбирлари учун сув етказиб бериш мақсадида барпо этилган. Бу жойлар чўмилишга мўлжалланмаган. Чунки сув оқими жуда тез, баъзи жойларда кескин, чуқурлик тик ва ботиқ, сув ости нотекис ва номаълум, кўриш даражаси жуда паст, қирғоқлари беқарор, энг асосийси ёрдам беришга шай турадиган қутқарувчилар ёки қутқарув асбоб-анжомлари билан жиҳозланмаган.

Азиз юртдошлар, сув ҳавзаларида фуқароларнинг чўкиб ҳалок бўлишлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида қуйидаги оддий қоидаларга амал қилинг:

* ҳеч қачон белгиланмаган жойларда (дарё, сой, кўл, сув омбори, канал ва ариқ) чўмилманг;

* “Чўмилиш тақиқланади” махсус белгиларига қатъий амал қилинг;

* ёзги таътил даврида ўсмирларни белгиланмаган жойларга чўмилишга боришларига йўл қўйманг;

* ёш болаларни назоратсиз қолдирманг;

* спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, чўмилишга борманг;

* фақатгина чўмилиш рухсат этилган махсус сув ҳавзалардагина чўмилинг.

Ш.Аҳмедов,

Самарқанд вилояти фавқулотда

вазиятлар бошқармаси ходими.