Бемор эрига бир кеча қараб туришга ҳафсала топмаган аёл

– Янга, тушунадиган аёлга ўхшайсиз. Бунинг ҳеч иложи йўқ. Бу оқшом ўзингиз қараб ётасиз.

– Мен қарай олмайман беморга. Ўзим касалман, қон босимим ошган.

– Опажон, бемор сизнинг эрингиз, қолаверса, бир кеча минг кеча эмас. Қон босими бўйича эса ҳозир ҳамширага айтаман, битта укол қилади.

Айтгандай, сизга алоҳида карават киргизиб беришади. Шу баҳонада даволаниб ҳам оласиз.

Аёлнинг безовталигини, норизолигини кўриб, ҳайрон қолдим. Тағин уялмай гапиради:

– Менга қаранг, духтур, илтимос, пул эвазига бўлсаям одам топинг. Ҳеч иложим йўқ.

– Ўз эрингизга қарагани-я?

– Тўғриси, гапимиз қочган, муносабат яхши эмас.

– Ие, шу ҳам баҳона бўлдими. Қайтам, шу оқшомда ярашиб оласизлар. "Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши", деб бежиз айтишмайди.

– Духтур, мени қийнаманг. Мана буни олиб, бир иложини қилинг, илтимос.

У шундай деди ва сумкачасидан бир даста пул олди-ю, столимга ташлаб, хонадан чиқиб    кетди.

Тўғриси, бу фаолиятимдаги энг нохуш воқеа эди. Ўшандан буён бундай воқеанинг такрорланишидан ҳадиксираб тураман…

Муродим УМРЗОҚОВ.