Беморлик билим олишга тўсқинлик қилолмайди
Бугунги кунда Самарқандда 1986 нафар ўқувчи уйда якка тартибда таълим-тарбия олмоқда.
Касаллик сабаб баъзи болалар якка тартибда уйда таълим олади. Бугун давлатимиз ногиронлиги бор ёки вақтинчалик беморликни бошидан ўтказаётган болаларнинг ҳам таълим-тарбия олишларига шароит яратиб бермоқда.
Улар учун алоҳида ўқитувчилар ажратилиб, машғулотлар олиб бориляпти. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим беришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, бугунги кунда вилоятда 1986 нафар ўқувчи уйда якка тартибда таълим-тарбия олмоқда.
Уйда якка тартибда таълим оладиган болалардан бири Мардонбек Ҳимматов Самарқанд шаҳридаги 80-умумий ўрта таълим мактабининг 3 “А”-синф ўқувчиси. Унга Гулида Нуриллаева бошланғич таълимдан дарс беради.
- Икки нафар ўқувчига уйида алоҳида дарс бераман, - дейди Г.Нуриллаева. – Мардонбек дарсларни яхши ўзлаштиради, ҳафтада тўрт кун дарс ўтаман. У математикани яхши кўради. Шунинг учун бошқа фанларни математикага боғлаб ўтишга ҳаракат қиламан. Уйда таълим оладиган болалар учун ҳам синф журнали юритилади. Ҳар куни журнални мактабдан олиб, дарсим тугагач, яна мактабга топшираман.
Мардонбекнинг она тилидан машқлар дафтарини кўздан кечирдим. Ҳақиқатда машқлар яхши бажарилган ва ўқитувчи томонидан аъло баҳоланган.
- Дастурчи бўлишга қизиқаман, онам яхши ўқисам компьютер олиб бермоқчи, - дейди Мардонбек. – Устозимнинг дарслари менга ёқади, ҳамма фанларни яхши кўриб ўқийман.
Унинг дарсхонаси шинамгина, хонада доска, стол, стул бор. Столда рангли қаламлар, дарслик китоб ва дафтарлар мавжуд.
- Ўғлим бел соҳасида грижа билан туғилган, - дейди Мардонбекнинг онаси Рухсора Шоназарова. – Гўдаклигида икки марта жарроҳлик операцияси қилинган. У юролмагани учун аравачада дарс тайёрлайди. Аравачаси ҳам энди дарс тайёрлашига пастлик қиляпти. Баландроқ аравача олиб беришимиз керак. Аммо бунга имконимиз йўқ, сабаби ижарада яшаймиз. Ўғлимга инглиз ва рус тили ўқитувчилари ҳам алоҳида келиб дарс ўтиб кетади. Инглиз тили ўқитувчиси ноутбукда дарс ўтяпти, бу ўғлимни янада ўқишга қизиқишини оширяпти.
- Кундузи Мардонбекка мен қарайман, биргаликда дарс қиламиз, - дейди унинг бувиси Мунаввара опа. – Кечқурун онаси ишдан келиб, ўғли билан дарс тайёрлайди.
Ушбу оила Мардонбек сабаб шаҳарга кўчиб келиб яшамоқда.
- Қишлоқда ўғлим тез-тез шамоллаб касал бўлиб қоларди, - деди онаси. - Айниқса, қишда жуда қийналардик, шунинг учун “дом”га кўчиб келганмиз. Турмуш ўртоғим иккимиз ишлаймиз. Болаларимга қайнонам қараб туради. Уч нафар фарзандим бор, Мардонбек ўртанча ўғлим.
Мардонбекнинг дарсини кузатиб турдим. Ўқитувчиси билан она тилидан берилган машқларни биргаликда бажарди. Дарсда ўқитувчининг саволларига тўлиқ жавоб берди. Боланинг таълим олишга бўлган иштиёқи дарс жараёнида сезилиб турди. У билан алоҳида шуғулланиб борилса, келажакда ўзи истагандек дастурчи бўлиши, касби ортидан юксак марраларни забт этиши мумкин.
***
Дарҳақиқат, Конституцияда белгиланганидек, ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланган.
Туманлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, энг кўп уйда таълим оладиган ўқувчилар Ургут туманида – 264 нафар, Иштихон туманида 193 нафар, Самарқанд шаҳрида 182 нафарни ташкил этади.
Касаллик турларига кўра, таянч ҳаракат аъзолари шикастланган ўқувчилар 495 нафар, ақли заиф ўқувчилар 446 нафар, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи ўқувчилар 6 нафар, эшитишда нуқсони бор заиф эшитувчи ўқувчилар 7 нафар, нутқида нуқсони бор ўқувчилар 53 нафар, бошқа турдаги касалликлар билан 979 нафар ўқувчи уйда якка тартибда таълим олмоқда. Уларга 4709 нафар тажрибали педагог ўқитувчилар бириктирилган.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.