Берлин Олимпиадасида “Хай, Гитлер” дейишдан бош тортган спортчи

Жесси Оуэнс 1913 йил 12 сентябрь куни АҚШда таваллуд топди. У ўн фарзандли оиланинг энг кичиги эди. Оуэнслар оиласи қора танли бўлгани учун ҳар доим тазйиққа учрарди. Кўплаб камситилишлардан сўнг 1923 йилда Жессининг оиласи бошқа штатга кўчиб ўтишга мажбур бўлди. Бўлажак Олимпиа чемпиони юк ташувчи бўлиб ишлай бошлади. Жессининг спортдаги иқтидорини биринчи бўлиб унинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси пайқаб қолди ва Жесси билан жиддий шуғуллана бошлади. Орадан кўп ўтмай у штат ва коллежлар ўртасидаги мусобақаларда ғолибликни қўлга кирита бошлади.

1936 йилда Берлинда ўтказилган Олимпиада ўйинларидан бироз илгари Жесси Оуэнс 45 дақиқа ичида олтита жаҳон рекордини ўрнатди, бундай кўрсаткич спорт тарихида илгари кўзатилмаганди.

1936 йилнинг 1 август куни Германиянинг пойтахти Берлинда навбатдаги Олимпиада ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда барча Гитлерни қутлаб қўлини тепага кўтарди (юқоридаги суръатда акс этган). Биргина, 24 ёшли спортчи - Жесси Оуэнс қўлларини тепага кўтармади, Гитлерни қутламади. Ғазаб отига минган Гитлер қора танли спортчини қандай йўл билан бўлса-да, мағлуб қилишлари тўғрисида кўрсатма берди. У барчага аслзода немисларнинг нимага қодир эканлигини кўрсатишларини буюрди. Аммо Жесси Оуэнс Гитлерни бу сафар ҳам мағлуб этди. Жесси қойилмақор тарзда учта олтин медал соҳиби бўлди. Чемпионни Гитлернинг шахсан ўзи қўлини қисиб қутлаши керак эди. Учинчи рейх раҳбари бундай қилишдан бош тортди.

Жесси тўртинчи олтин медал учун аслзода немис Луца Лонг билан узоққа сакраш бўйича финалда баҳс олиб бориши керак эди. Учинчи рейх раҳбарининг барча умиди Луц Лонгда бўлди. Биринчи бўлиб Лонг сакради ва у янги дунё рекордини ўрнатди ҳамда уни бутун стадион олқишлади. Гитлер ҳурсандлигидан ўрнидан туриб кетди. Бироқ барчанинг диққати Оуэнсга қаратилди. Жесси Лонг беш дақиқа олдин ўрнатган рекордни янгилади. Жесси ундан 19 сантиметр узоққа сакради.

Мағлубиятини тан олишни истамаган Гитлер стадионни тарк этди. Оуэнснинг рақиби Лонг мағлубиятидан хафа бўлмади. Аксинча, у Жессининг қўлини баланд тутганча, стадион бўйлаб югурди. Уларни бутун стадион олқишлади. Гитлерни илк маротаба мағлуб этган Жесси Оуэнс дунёнинг энг машҳур одамига айланди.

Жесси АҚШга қайтганидан сўнг яна оддий қора танли одамга айланди. У кундуз куни журналистларга интервью берарди, тунда эса кўчада тунашга мажбур эди. Кўп ўтмай Жесси спортдаги фаолиятини тугатди ва ирқчилик ва миллатчиликка қарши курашнинг рамзига айланди.

Жесси Оуэнс 1980 йилда ўпка саратони оқибатида вафот этди. 

Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.