Биласизми, тезликни оширганингизга қанча жарима тўлайсиз?
Таҳлилларга кўра, йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарияти автоуловни тез ҳайдаш оқибатида келиб чиқмоқда. Бунга барҳам бериш мақсадида жойларда автоматлаштирилган фоторадар мосламалари ўрнатилиб, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг чегараланган тезликка итоат этишлари назорат қилинмоқда. Шу билан бирга тезликни оширганлик учун турли миқдорда жарима чоралари қўлланяпти.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 1283-моддаси талабларига кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юбориши энг кам иш ҳақининг бир баравари (айни пайтда 202.730 сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Агар бу тезлик соатига 20 километрдан ортиқ, лекин 40 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юборилиши ёки транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юборилишига йўл қўйилса, энг кам иш ҳақининг беш баравари (1.013.650 сўм) миқдорида жарима солишга олиб келади.
Ҳайдовчилар ўрнатилган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ катталикда ошириб юборса, энг кам иш ҳақининг етти баравари (1.419.110 сўм) миқдорида жарима тўлайди. Агар ҳайдовчи белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан ортиқ лекин 40 километрдан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор оширса ёки ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор оширса энг кам иш ҳақининг ўн баравари (2.027.300 сўм) миқдорида жарима тўлайди ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум бўлади.
Мабодо ҳайдовчи ҳаракат тезлигини оширганлик бўйича бир йилда бир неча бор ҳуқуқбузарлик содир этиб, унга нисбатан маъмурий жазо қўлланилган бўлса, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан икки йил муддатгача маҳрум этилади.
Бахтиёр ЮЛДОШЕВ,
Самарқанд шаҳридаги "Baxtiyor-protect"
адвокатлик бюроси раҳбари.