Биолог олим Абдурашид Жабборов 70 ёшда

2020 йил 25 май куни Самарқанд давлат университети биология факультети, зоология кафедраси мудири, биология фанлари доктори, профессор Абдурашид Жабборов 70 ёшга тўлади.

А.Жабборов 1950 йил 25 майда Сиёб туманида хизматчи оиласида дунёга келди. У Самарқанд шаҳридаги 10-ўрта мактабда таҳсил олди. Мактабни аъло баҳоларга тугатган Абдурашид Самарқанд давлат университетининг биология факультетига ўқишга кирди. Университетни биология-зоология мутахассислиги бўйича имтиёзли диплом билан тугатди. Сўнгра умуртқалилар зоологияси кафедраси қошидаги зоология музейига лаборантлик вазифасига ишга қабул қилинди.

Илм олишга интилувчан А.Жабборов М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг умуртқалилар зоологияси ва қиёсий анатомияси кафедрасининг аспирантурасида ўқиди. 1982 йилнинг ноябрида таниқли зоолог-олим, профессор В.Ильичев раҳбарлигида биология фанлари номзоди илмий даражаси учун диссертация ҳимоя қилди. Унинг илмий тадқиқотлари муносиб баҳоланди ва 1988 йилда “Иттифоқ ихтирочиси” фахрий нишони билан тақдирланди.

1983 йил январида А.Жабборов университет илмий-тадқиқот бўлимининг патент ва лицензия бўлими мудири вазифасига тайинланди. Шунингдек, у биология факультети умуртқалилар зоологияси кафедраси ассистенти, доцент ва ўқув ишлари бўйича декан ўринбосари вазифаларида самарали меҳнат қилди.

1995-2010 йиллар давомида профессор А.Жабборов зоология кафедрасининг мудири лавозимида ишлади. Унинг раҳбарлигида кафедра жамоаси ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва маънавий-маърифий ишларда талай муваффақиятларни қўлга киритди. Илмга чанқоқ, иқтидорли талабаларни илмий-тадқиқот ишларига жалб этди, илмий экспедициялар ташкил этди. Кафедра қошидаги зоология музейи фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида илмий лойиҳалар ишлаб чиқди. Ушбу лойиҳалар Ўзбекистон фан ва техника давлат қўмитасининг грантларига сазовор бўлди. Грантлар музейнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, зоологик экспонатларни сақлаш, янгилаш, экологик экспозиция ва диорамалар яратиш учун сарфланди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида зоология музейи янги қиёфага эга бўлиб, олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари талабалари, академик лицей ва мактаб ўқувчиларининг зоология, экология ва табиатни муҳофаза қилиш фанларидан очиқ дарслари ўтиладиган ўқув, илмий ва маданий марказга айланди.

2016 йилда у ЎзР ФА Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти қошидаги илмий кенгашда “Ўзбекистонда қушлар келтириб чиқарадиган биозарарланишлар ва уларнинг олдини олишда экотехнологик усулларни такомиллаштириш” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.

2018 йилдан бошлаб профессор Самарқанд давлат университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи PhD.30.08.2018.В.02.08 рақамли илмий кенгаш ва семинар аъзоси, шунингдек, мазкур илмий кенгаш қошидаги зоология фанидан имтиҳон комиссияси раиси сифатида фаолият олиб бормоқда.

Профессор А.Жабборов нафақат педагог-устоз ва тадқиқотчи олим сифатида, балки фидойи жамоатчи сифатида ҳам катта муваффақиятларга эришди. У ўзининг илмий-педагогик фаолияти даврида бир қатор ўқув-услубий ишлар, жумладан, ҳаммуаллифликда “Биозарарланиш” номли ўқув қўлланма (2009), “Biozararlantirish asoslari” дарслиги (2013) “Экологическое воспитание и образование студенческой молодежи” номли монография (2018), Д.Дьюсберининг «Основы поведения животных» дарслигининг ўзбек тилига таржимаси (2019), 20 та ўқув-услубий қўлланма, 2 та электрон дарслик, ўқув қўлланмалар тайёрлади. А.Жабборов 300 дан ортиқ илмий мақолалар, ўқув-услубий ишлар муаллифи, 3 та муаллифлик гувоҳномаси ва патент соҳибидир.

Профессор А.Жабборов бир оиланинг меҳрибон сардори – 2 нафар ўғли, келинлари ва 5 нафар набираси бор.

Университет раҳбарияти, биология факультети ва зоология кафедраси жамоалари устознинг 70 йиллиги ва илмий-педагогик фаолиятининг 50 йиллиги муносабати билан чин қалбдан табриклайди. Унга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, ўсиб келаётган ёш авлодни билимли, ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашдек шарафли ишда ҳормай-толмай меҳнат қилишини тилаб қолади.

Абдунаби МАМАШУКУРОВ,

Жасур ҚУДРАТОВ,

Фазлиддин ҲАЛИМОВ, Самарқанд давлат университети доцентлари.