Биохилма-хиллик нима ва у бизга нега керак?

Табиат "чекинмоқда", биохилма-хилликнинг қисқариб кетиш жараёнлари рекорд даражага етди. Ер ўз ҳосилдорлигини йўқотди. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси турларининг миллиондан ортиғи йўқолиб кетиш хавфи остида турибди. Инсоният янги биологик таҳдидлар, хусусан, коронавирус пандемиясига рўбару келди. Бу ҳақда “Биологик хилма-хиллик соҳасида глобал истиқбол” мавзусидаги маърузада келтирилади.

Хўш, биохилма-хиллик ўзи нима? Бу саволга кўпчилик “табиат” ёки “ёввойи ҳайвонлар”, деб жавоб беради. Аммо биохилма-хиллик ҳаётнинг барча турларини ва сайёрамизда мавжуд табиий тизимларни ўз ичига олади.

Биохилма-хиллик турғун тушунча эмас. У табиат барча биологик қисмларининг ўзаро боғлиқлиги ва бир-бирини тақозо этади. Кўпинча мазкур тушунчанинг уч даражаси фарқланади: турларнинг биологик ранг-баранглиги, генетик ранг-баранглик ва экологик тизимларнинг ранг-баранглиги. Бу уч даража жамулжам ҳолда биохилма-хилликни ташкил этади. Шу сабабли, мазкур даражаларнинг ҳар бирини асраш умуман биохилма-хилликни асраш учун муҳим.

Биз “биосфера”да, яъни сайёрамизнинг жонли қисмида яшаймиз. Биосфера – жуда фаол субстанция. Лекин ўзининг турли биологик қисмларининг бойлиги туфайли у ҳаётни асраш нуқтаи назаридан жуда барқарор. Биосфера фақат биологик ҳаётнинг бойлиги туфайли сиртдан кўрсатилган таъсирларга дош беради.

Ерда ҳаётнинг ранг-баранглиги қанча камайса, биосферанинг сиртдан аралашувларга таъсирчанлиги шунча ортади. Биохилма-хиллик қанча кам бўлса, сайёрамизнинг узоқ муддатли истиқболда яшаб қолиш имкониятлари шунча оз бўлади.

Биохилма-хиллик мамлакатимизда халқнинг иқтисодий, эстетик, соғлиқни сақлашга оид ва маданий фаровонлигининг муҳим манбаи ҳисобланади. Аммо бутун дунёда биохилма-хиллик камайиб бораётгани, чунончи, ноёб генлар, турлар ва экологик тизимлар йўқ бўлиб кетаётгани юртимизга ҳам таҳдид солмоқда. Бунинг сабаби битта – одамлар. Одамлар шундай бир шароитларни яратдиларки, уларда йўқ бўлиб кетган турлар миқдори 65 миллион йил олдинги динозаврлар давридан бошлаб бутун тарих мобайнида йўқ бўлиб кетган турлар миқдоридан ҳам кўпроқ.

Агар биохилма-хиллик йўқолишининг ҳозирги тезлиги сақланиб қолса, одамларнинг табиий яшаш жойларини бузиш, ифлослаш, иқлимни ўзгартириш борасидаги ҳаракатлари натижасида сайёрамиздаги турларнинг ярми 100 йилдан ҳам камроқ вақт ичида йўқ бўлиб кетади.

Масалан, сўнгги 40 йил давомида балиқ овлаш йилига 20 миллион тоннадан 135 миллион тоннага ошди. Балиқ захираларининг 75 фоизи йўқолиб кетди. Шунга қарамасдан, Ер юзида яшовчи инсонларнинг ҳар бешинчисининг овқатланиш рационига балиқ киради.

Биохилма-хилликка одамлар таъсирининг бош омиллари биологик ресурслар истеъмолининг ўсиб бораётгани, инсоннинг ишлаб чиқариш фаолияти, қишлоқ хўжалиги ҳамда одамлар яшайдиган жойлар кенгайиб бораётганидир.

Бу одамлар ривожланиш жараёнларини, ўз истеъмоли, савдо-сотиқ ва ҳоказоларни бутунлай тўхтатиши керак, деган маънони англатадими? Йўқ. Аммо инсоннинг ҳаёт фаолияти ва мавжудлиги учун неъматлар ишлаб чиқариш жараёнида биохилма-хилликка зиён етказмаслик ва уни келажак авлодлар учун сақлаб қолиш йўлларини топиш устида барча одамлар бош қотиришлари лозим.