Бир кун бутун Ўзбекистон касалхоналаридаги докторлар ишламаса, нима бўлади?

Тасаввур қилинг қўрқинчли туш – 1 кун бутун Ўзбекистондаги 80 мингдан ортиқ врачлар ишламади! Бу қанақа оқибатларга олиб келишини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Агар Ўзбекистондаги барча врачлар 1 кун ишламаса:

- 27500 тез тиббий ёрдамга чақирув амалга оширилмай қолади.

- Бу чақирувларнинг 70 фоизи оғир беморлар томонидан мурожаат қилинаётлигини ҳисобга олсак, 19250 та оғир бемор тиббий ёрдамсиз қолади.

- Агар шу беморларнинг 50 фоизи ўлим хавф солган касалликлар билан мурожаат қилса, 9625 киши шу куни тиббий ёрдам олмаганлиги сабабли оламдан кўз юмади. Шунча оилада мотам, аза.

- Ушбу сабаб билан оламдан ўтганларнинг 10 фоизи (энг кам миқдор) болаларга тўғри келишини ҳисобга олсак, 962 та бола шу куни вафот этиши мумкин. Уруш ўчоғи бўлган Сурияда бир ойда 90 та бола вафот этади.

- Бир кунда бутун республикамиз бўйича мингдан ортиқ шошилинч операция ўтказилмай қолади. Бу эса яна 1000 га яқин кишининг ҳаётдан кўз юмишига ёки ногирон бўлиб қолишига олиб келади.

- Бир кунда республикамизда 2100 дан ортиқ чақалоқ дунёга келади. Агар туғруққа малакали акушерлар ёрдам кўрсатмаса 60 фоиздан кўпроқ чақалоқ нобуд бўлиши мумкин. Бу 1260 та чақалоқ нобуд бўлади, дегани.

- 2100 чақалоқни дунёга келтираётган оналар малакали ёрдам олмаса, уларнинг 40 фоизи (840 нафар она) туғруқ вақтида вафот этади.

- Шифохонада ётиб даволанаётган 170 000 дан ортиқ бемор назоратсиз қолади. Улардан 5 фоизини оғир бемор деб ҳисобласак, 8500 бемор шу куни турли асоратлардан вафот этиши мумкин.

- Юқоридаги ҳолатлардан ташқари, қанчадан-қанча оғир ҳолатдаги бемор болалар, ҳомиладор оналар, бемор қариялар, ногирон беморлар шу куни малакали тиббий ёрдамсиз қолиши ўта аянчли, мудҳиш ҳолатдир.

Қадрли юртдошлар! Шифокорлар бир кун ишламаса, нима бўлишини тасаввур қилиб кўрдингизми? Бундай ҳолат ҳаётда бўлмайди, дейишингиз мумкин. Бўлмасин ҳам.

Ўзбекистон армияси халқни ташқи душманлардан ҳимоя қилади. Агар Қуролли Кучларимиз мустаҳкам бўлмаса, ташқи кучлар юртимиз тинчлигига рахна солиб, уруш деган балога сабаб бўлиши мумкин! Уруш эса қанчадан-қанча инсонларнинг ёстиғини қуритади. Шу боис ташқи балолардан ҳимоя қиладиган ҳарбийларимизни жуда ҳурмат қиламиз. Хўш, нега бизни турли хасталиклардан ҳимоя қилаётган врачларни ҳурмат қилишни унутиб қўймоқдамиз? Энг бебаҳо неъмат бўлган саломатлигимиз посбонларининг қадрига етмаяпмиз?

Қадрини билган ҳамкасбларимиз ўз юртида ҳурмат кўрмагач, чет элларга чиқиб кетяпти. Чет эл олийгоҳларида шифокор бўламан, деб ўқиётган фарзандларимиз юртимизга қайтмаяпти. Шифокор бўлишни орзу қилган ҳамкасбларимиз ўз касбидан безиб қоляпти.

Ҳурматли Ватандош! Тафаккур қилинг, шифокорлар ва уларнинг машаққатли меҳнати қадрига етинг!

"Ўзбекистон врачлари" каналидан олинди.