Бир ойда самарқандлик 2 нафар кадастр ходими фирибгарлик жиноятига қўл урди

Коррупцияга қарши курашиш бўйича Самарқанд вилоят идоралараро комиссиясининг навбатдаги сайёр йиғилиши Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги давлат кадастрлари палатаси Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари томонидан содир қилинган жиноятлар муҳокамасига бағишланди.

Самарқанд вилояти прокуратураси ахборот хизматининг маълум қилишича, йиғилишда Президентимиз Ш.Мирзиёев раҳбарлигида 2021 йил 3 март куни қурилиш масаласи юзасидан ўтказилган видеоселекторда уй-жойга муҳтож бўлган аҳолини турар-жой билан таъминлаш мақсадида раҳбар ходимларга бир қатор вазифалар белгилаб берилгани таъкидланди. Жумладан, Самарқандда 3 444 та уй-жой қурилиш режалаштирилган бўлиб, шундан 1296 таси Самарқанд шаҳрида, 348 таси Каттақўрғон шаҳрида, қолган 1800 таси 14 та туман ва шаҳарларда бунёд этилиб, аҳолига топширилади.

Бу уй-жойларнинг 900 таси “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси томонидан бюджет маблағлари ҳисобидан қурилса, қолган 2 544 таси тадбиркорларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

– Давлатимиз раҳбарининг олдимизга қўйган ушбу вазифалари биздан катта масъулият ва шижоат талаб қилиб, мазкур масалага ўта жиддий ёндашишимиз керак бўлса-да, бироқ орамизда бу масалага панжа орасидан қарайдиганлар, афсуски, йўқ эмас, – деди идоралараро комиссия раиси, вилоят прокурори Р.Машарипов.

Жумладан, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси ходимлари томонидан кейинги бир ой ичида хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб, ер ажратиш билан боғлиқ 2 та фирибгарлик жинояти содир этилгани бунга мисол бўлади.

Мазкур ҳолат комиссия аъзолари иштирокида танқидий ва таҳлилий кўриб чиқилиб, юз берган жиноятчилик туб сабаблари ўрганилди. Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, вазифага масъулият ва ҳалоллик билан ёндошиш лозимлиги таъкидланди. Қурилиш ва шу билан боғлиқ масалалардаги коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бошқарма ҳузурида фидойи ва тажрибали касб эгаларидан иборат “Халқпарвар” комиссияси фаолиятини йўлга қўйиш таклифи маъқулланди.