Бир суд – бир инстанция

Самарқанд вилоят суди ташаббуси билан шу номдаги давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда судьялар, прокуратура, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, божхона, ички ишлар органлари ходимлари, вилоят савдо-саноат палатаси вакиллари, адвокатлар иштирок этди.

Унда суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, уларни амалиётда қўллаш масалалари юзасидан фикр алмашинди.

- Суд қарорларини қайта кўришнинг процессуал тартиби такомиллаштиришлиши муносабати билан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги ҳамда жиноят, иқтисодий ва фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, - дейди вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Ш.Рамазонов. – Ушбу қонунлар билан ишларни кўриб чиқишда бир-бирини такрорловчи инстанциялар бекор қилиниб, “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилди. Унга кўра халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими биринчи инстанция (туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича – вилоят судлари), апелляция (вилоят даражасидаги судлар) ва кассация инстанцияси (Олий суд) судлари яратилади.

Мазкур ўзгартиришлар фуқароларнинг ортиқча овора бўлишининг олдини олади, одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтиришга, суднинг чинакам мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини тўлиқ таъминлашга, фуқаролар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлашга, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқаро рейтингларда мамлакатимиз нуфузи ошишига хизмат қилади.

Қайд этилганидек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди. Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган туманлараро маъмурий судлари ташкил этилиб, туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилди. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинди.