…Бирдан севиб қолиш мумкин баҳорни

Бугун туғилган кун

Бектемир Пирнафасов 1975 йил 10 августда Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги Кавоби қишлоғида туғилган.

1998 йилда Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тугатган. Бир неча йил давомида Ўзбекистон телерадиокомпаниясида, сўнгра "Жаҳон" матбуот агентлигида фаолият юритган.

«Тонг ёқаси» (1996) номли шеърий китоби нашр этилган.

 

* * *

Кетаяпман хиёбон бўйлаб

Нигоҳимда паришон еллар.

Тонгта қадар висолни ўйлаб

Атрофимда қизарган гуллар.

 

Нафасимдан титраган майса

Чеҳрасида тобланар гулоб.

Шивирлар тўкилар ғамгин: —

Соғинчлар — мен кўниккан азоб…

 

Олисларга чирмашар нигоҳ,

Хаёлимда дунёдан гина –

Бу дунёдан майсалар каби

Ўтиб кетсам, индамайгина…

 

* * *

Нигоҳимда эзилган сўқмоқ

Олисларга туташиб кетган.

Кимсасизлик ҳоким хиёбон

Барча товушларни унутган.

 

Қўзғалади қадамдан чўчиб

Атрофимда заъфарон шарпа.

Бесаришта кезинар кўнгил

Гўё энди охирги марта…

 

Аргувонлар чақирар шамол,

Тераклар йўл кўрсатар ойга.

Овозини яшириб жимлик

Юзларини ювади сойда.

 

Мағрур хазонларни телба ел

Сувга чўккан тунга ботирар.

Деразадан кузатар мени

Сочлари оқарган хотира…

* * *

 

Ҳамал елкасида кулган беқасам

Ёйларда манзилим кўзлаган истак:

Руҳим кийимидан варраклар ясаб,

Вужудимни сувга оқизар аста.

 

Яшил ялангликлар бағрида чопган

Дашт – йўлда томири ададсиз сўқмоқ.

Олиб борар адир устини ёпган

Қари дарахтларга маъсума япроқ.

 

Мовий изтироблар – ёдим ўзани –

Ойни чўмилтирар телба булоқлар.

Қалдирғочлар чўқиб очар кўзимни,

Тинглашим қайтарар ҳўл қалдироқлар.

 

Иймон келтиради шому саҳарга

Қора харсанглардан таралган нурлар…

…Бирдан севиб қолиш мумкин баҳорни,

Кузни эса севиб бўлмайди бирдан…