Биринчи ўқитувчим ибрати

“Алифбо”нинг илк ҳарфларини ўргатган, “Ватан” сўзининг муқаддас маъносини сингдирган, меҳнатнинг қадрини тушунтирган устоз нақадар улуғ зот!

Унинг сабоқлари шунчаки билим эмас, балки умрга дарс бўлиб қолади. Қўллари билан ёзилган ҳар бир ҳарф эса келажакка йўл очади. Ҳар бир инсон ҳаётида ана шундай унутилмас из қолдирадиган, келажак йўлини ёритувчи ҳамда келажакка илк қадам қўйишга ундовчи зот бўлади. Бу зот - биринчи устоз, яъни муаллимдир.

Биласизми, ҳар бир инсоннинг ҳаётида унутилмас лаҳзалар бўлади. Мен учун ана шундай лаҳзалардан бири – мактаб остонасига илк қадам қўйган куним эди. Ёдимда, ўша куни жуда ҳаяжонда эдим. Янги форма, қўлимда гуллар, билимларга тўла сирли оламга қизиқиш билан боқар эдим. Мактабнинг катта ҳовлиси, янги ўқувчилар ва энг муҳими, менинг биринчи устозим… Ёдимда, устозим бизга ҳарфларни ўргатишда жуда катта маҳорат кўрсатган. У ҳар бир ҳарфни қизиқарли ҳикоялар билан боғлаб, онгимизга сингдирар эди. Алифбони ўрганиш биз учун ўйин-кулги билан ўтар эди. Устозимнинг сабри ва меҳри туфайли биз тез орада ўқиш ва ёзишни ўрганиб олдик.

Биринчи устознинг сиймоси ҳар бир инсоннинг қалбида муҳрланиб қолади. Унинг табассуми, овози, насиҳатлари, сабр-тоқати, меҳрибонлиги ҳеч қачон унутилмайди. Унинг хотираси доимо қалбимизда яшайди ва бизга тўғри йўл кўрсатади, фидойилиги эса бизни ўз касбимизга садоқатли бўлишга, ёш авлодга билим беришга, уларни яхши инсонлар қилиб тарбиялашга ундайди.

Биринчи устозимни эслаш, унинг мени ҳар доим янги билимларга, янги имкониятларга йўналтирганини ёдга олиш, бугунги кунда янада қувончли ва аҳамиятли бўлади. Унинг сабр-тоқати, билимга бўлган меҳр-муҳаббати ва ўқувчиларга бўлган эътибори менга жуда кўп нарсаларни ўргатди. Биринчи устозимнинг энг катта фазилатларидан бири, бу унинг ҳар бир ўқувчисини ўзига хос, ноёб шахс сифатида қадрлашида эди. У ҳар биримизга ўз йўлимизни топишда ёрдам берар, бирор қийинчиликда йўқолмасликка, балки ундан ўрганишга ундар эди. Унинг сўзларидан ҳар доим ишонч ва илҳом топардик, чунки у нафақат билим, балки ҳаётий тажриба ҳам ўргатарди.

Бир куни у менга шундай деган эди: "Инсоннинг энг катта бойлиги - бу унинг билими, меҳр-муҳаббати ва юксак ахлоқи". Бу сўзлар мени ҳеч қачон тарк этмайди. Устозимнинг менга берган бу масалаҳатлари ҳаётимда ёритувчи юлдузга айланди.

Бугунги кунда мен бўлажак педагог сифатида фаолият юритяпман. Мен ҳам келажакда ўқувчиларимга биринчи устозим каби меҳр беришга, уларнинг қобилиятларини ривожлантиришга ва ўзига бўлган ишончини уйғотишга ҳаракат қиламан.

Ҳар биримиз биринчи устозимизни доимо ёдда сақлайлик, уларга ҳурмат кўрсатайлик ҳамда уларнинг ибратли ҳаётларидан ўрнак олайлик.

Жасмина Норқулова,

Ўзбекистон-Финландия педагогика институти талабаси.