Битирувчи талабалар таҳририятда малакавий ишларини ҳимоя қилди

Одатда олий ўқув юртида тўрт йил давомида таҳсил олган талаба битирув малакавий ишини ўзи таҳсил олган олийгоҳда ҳимоя қилар эди. Самарқанд давлат университети ўзбек филологияси факультети ноширлик иши йўналиши битирувчиларининг айримлари бу “тартибни четлаб” ўтиб, ҳимояни вилоят “Зарафшон” газетаси таҳририятида адо этишди.

Албатта, бунга ректорат, деканат ва кафедра раҳбарияти рухсат берди. Натижа шундаки, талаба қайси мавзуда битирув малакавий ишини ёзган бўлса, шу корхона-ташкилотда ҳимоя қилиши ўзининг самарасини беради.

Амалда ҳам шундай бўлди. Тўрт нафар талабанинг ҳимоя мавзуси таҳририят иши, ноширлик фаолияти, умуман, ижод билан боғлиқ. Масалан, битирувчи талаба Нигина Тўйчиева “Зарафшон” газетасида қўлланилган фраземаларнинг услубий-семантик хусусиятлари” мавзусида, Шаҳло Нарзуллаева “Муҳаррирнинг матбуотдаги ўрни ва вазифаси” мавзусида битирув малакавий ишини ёзган. Таниқли журналистлар, ношир ҳамда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ходимлари, шунингдек, СамДУ профессор-ўқитувчилари, илмий раҳбарлар иштирок этган ҳимоя жараёнида талабалар бир йил давомида изланиб, газеталар саҳифаларини варақлаб, таққослаб ва таҳлил қилиб ёзган малакавий ишларини моҳирона ҳимоя қилди.

- Битирувчи талабанинг малакавий ишини бевосита ишхона, ташкилот, муассасада ҳимоя қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлайман, - дейди “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев. – Бу биринчидан, талабага ўзи қизиқиб, битирув малакавий ишини ёзган жойга меҳрини оширади. Иккинчидан, унинг диплом олгандан кейин айнан шу соҳада илмий иш қилиш ёки меҳнат фаолиятини олиб бориш учун куч беради. Бу билан мен таҳририятларда шундай ҳимоялар бўлсин, демоқчи эмасман, талаба банк соҳасида бўладими, солиқ, қурилиш, архитектура, чорвачиликми, умуман, ўзи ҳафсала қилиб ёзган малакавий ишини ўша манзилда ҳимоя қилсин. Бу албатта, самара беради. Ушу янгиликни оммалаштириш зарур.

- Ҳимоя жараёнида талабаларда ҳаяжон бўлди, - дейди СамДУ доценти Светлана Умирова. – Чунки ўзи ёзган малакавий ишнинг моҳир амалиётчилари қаршисида сўзлаш осонмас. Аммо натижа салмоқли. Негаки, битирувчи талабаларимиз келгусида магистратурада ўқиб, бугун ҳимоя қилган мавзуларини янада чуқурроқ таҳлил қилиш, ўрганишни мақсад қилишган. Бу борада эндиликда таҳририят ходимлари уларга кўмакчи бўлади.