Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бизга диплом олиш учун ўқийдиган талаба керак эмас

Одамларнинг маданияти қанчалик юксак бўлса, жамиятнинг ривожланиши шунчалик юқори бўлади. Таълим жараёнида эса одамларнинг билими, маҳорати, малакаси шаклланади ва ривожланиб боради. Демак, жамият тараққиёти даражаси одамларнинг билим даражасига, билим даражаси эса таълим жараёнига боғлиқ.

Бу фикрларни айтганимга сабаб бор: Президентимиз томонидан яқин йилларда мамлакатимиздаги бир қатор олийгоҳлар, хусусан, Самарқанд давлат университети таълим рейтингини юқори поғонага кўтариш талаби қўйилди. Бунга эришиш ўз-ўзидан бўлмайди. Хўш, таълим сифатини ошириш учун нима қилиш керак?

Аввало, кадрларнинг сифатига қараб университетнинг рейтинги белгиланади. Сифат ошиб борган сари университетлар жаҳон рейтинги рўйхатидаги ўрни кўтарилиб боради. Кадрлар савиясининг юксаклигини таъминлашда  университетнинг  руҳияти ва тарихий тажрибаси, яъни унинг қадимийлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бу борада СамДУ 600 йиллик тарихга эга эканлиги бизнинг эзгу мақсадга эришишимизда бош омиллардан саналади. Тўғри, олийгоҳнинг қадимий эканлиги ўз ўзидан университет рейтингини ошиб боришини таъминламайди. Зеро, дунёнинг энг қадимий университети Италиянинг Болония университети бўлиб, қарийб минг йиллик тарихга эга. Бугунги кунда Болония университети дунёнинг энг нуфузли олий таълим муассасалари рейтинги бўйича 177 ўринда турибди. Биринчи ўринни 1861 йилда ташкил топган Массачусетс технология университети эгаллаб турибди. Демак, Самарқанд давлат университети тарихини 600 йил деб эътироф этилиши масъулиятни ҳам 600 карра оширишни талаб этади.

Масъулият барчада, энг аввало, профессор-ўқитувчиларда шаклланмоғи лозим. Чунки таълим тизимининг марказида ўқитувчининг фаолияти туради. Шунинг учун ўқитувчининг ўз касбига бўлган масъулияти таълим сифат ва самарадорлигини оширишда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Ана шу масъулиятни ҳис қилган ҳолда фанларни ўқитишни самарали қилувчи омилларни аниқлашга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Бунга эришишда, энг аввало, бу жараённинг кечишида нима тўсиқ бўлаётганлигини аниқлаб олиш керак. Таълим сифати пастлигининг асосий сабабларидан бири бу билим учун эмас, диплом учун ўқийдиган талабанинг мавжудлигидир. Бунга сабаб эса таълим тизимидан ташқарида ва шунинг учун унинг ечими фақат таълим тизимига  боғлиқ эмас. Яъни, сабаб - кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш тизимига боғлиқ. Токи ушбу тизимда тартиб бўлмас экан диплом учун ўқийдиган талаба бўлаверади. Бундай талаба бўлган жойда эса ҳар қандай кучли ўқитиш методи ҳам самара бермайди. Чунки билим шундай бойликки, уни фақат ва фақат ихтиёрийлик асосида қизиқиб эгаллаш мумкин, яъни билимни мажбуран инсоннинг онгига сингдириб бўлмайди.

Талабанинг давоматини, ўқишини, тинглашини, ёзишини мажбур қилиб таъминлаш мумкиндир, лекин фикрлашини мажбурийлик билан таъминлаб бўлмайди.  Чунки талаба фикрлаш жараёнидагина ўқиб билган нарсасини англаб олади. Англаб олинган билим инсонни янги билимларни ишлаб чиқишга ва бу билимларни амалиётда қўллашга қодир қилади. Шунинг учун таълим сифатини оширишда асосий эътиборни талабаларда билимга бўлган қизиқишни шакллантиришга қаратиш лозим.

Билимга нисбатан эҳтиёжнинг шаклланишида билимни қадрланганлиги ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Чунки инсон табиатан шундай мавжудотки, у нима қадрланса ўшанга интилиб яшайди, қадрланмаган нарсага интилмайди. Шунинг учун таълим сифатини оширишда билимга нисбатан эгалик ҳиссини шакллантириш ҳеч қандай муболағасиз ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Юқоридаги фикр мулоҳазаларга асосланиб шуни айтиш мумкинки, таълим сифатини оширишда ўқитиш жараёнида қизиқтириш омилини шакллантириш кутилган самарани беради. Дунё тан олган буюк алломаларимиз - Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Фаробийларнинг шаклланишида қандайдир метод эмас, балки улардаги қизиқиш ва кучли ирода муҳим омил бўлган. Ўйлаймизки, мамлакатимизда амалга ошираётган ислоҳотларимиз замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган рақобатбардош кадрларни тайёрлайдиган таълим тизимини шакллантиради. Бу таълим тизими ёшларимиз қонидаги буюклар генини уйғотишга ва дунё тан олган олимларнинг янги авлодини тарбиялашга қодир бўлади. Бу билан СамДУнинг 600 йиллик тарихи фақат тарихий фактлар билангина эмас, балки бугунги кундаги ютуқлар билан исботланади. Бунда, яъни дунё тан олган буюк боболаримизга муносиб бўлган янги авлодни тарбиялашда Улуғбек  мадрасаи олиясининг  вориси  бўлган Самарқанд давлат университети ўзининг муносиб ўрнига эга бўлишига ишонамиз.

Ф.Набиев,

СамДУ профессори.