БМТ (FAO): жаҳонда озиқ-овқат нархи рекорд даражага етди

Энг қашшоқ давлатлар глобал озиқ-овқат инқирозининг оқибатларига биринчи бўлиб дуч келишди. Сўнгги ойларда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи, айниқса, Украинада ҳарбий можаролар бошланиши билан кескин кўтарила бошлади.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) маълумотларига кўра, мартда озиқ-овқат маҳсулотларининг дунёвий нархи рекорд даражага етган.

Бунда ҳатто бой давлатлар ҳам жабр кўрмоқда. Дон нархлари индекси февраль ойига нисбатан деярли 18 фоизга ортди. Дунёнинг асосий буғдой экспортчилари - Россия ва Украина ўртасида давомли уруш эҳтимолини ҳисобга олсак, бу ўсишнинг тўхташи даргумон.

Украина кунгабоқар ёғининг энг йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади, унинг етишмаслиги аллақачон сезила бошлади. Ўсимлик мойи нархлар индекси қарийб 24 фоизга ўсди.

Прогнозлар шу қадар мавҳумки, БМТ Бош котиби вазият ўзгармаса, глобал озиқ-овқат тизими барбод бўлиши, кўплаб мамлакатлар аҳолиси очарчиликка дучор бўлишидан огоҳлантирди.