Бобур ва Шайбоний – боболаримиздир

Бобур ким? Менинг бобом. Шайбоний ким? У ҳам менинг бобом.
Нега бобони бобога қарши қўйяпмиз? Бу ишимиз бориб-бориб элни яна иккига бўлиб юборади-ку!..
Хўп, Шайбонийхон билан бирга “ўзбек” деган ном юртимизда узил-кесил қарор топди, дейлик. Лекин биз фақат номдан иборат эмасмиз-ку! Унгача турк деган ном остида бор эдик-ку!
Ўзбек ҳам ўша туркнинг, туркийнинг бир қисми, бир уруғи бўлиб қўшилди. Нега парчани олиб, бутунга қарши қўйяпмиз?
Ўзаро урушларда Шайбонийхоннинг (кейинроқ авлодининг) қўли баланд келди ва Туркистонда катта ишлар қилди: давлат тузди, янги давлат барпо қилди. Хўш, Бобур енгиб чиққанда, у бундай ишларни қилмасмиди? Албатта, қиларди. Айтайлик, етти мўъжизадан бири – Тожмаҳал Андижон ёки Самарқандда қад ростларди. Лекин нега биз уларнинг бирини бошқасидан устун кўрмоқчи бўлиб сўз сўзлаяпмиз?
Кечаги, совет давридаги сиёсатнинг давоми эмасми бу?
Фақат фарқи шуки, кеча Бобур улуғланиб, Шайбоний ерга урилган эди. Бугун эса тескариси юз беряпти. Нега? Ахир, хато битта-ку!?..
Яна битта фарқ шуки, кеча душман атайин “хато” (бу кўзланган режа эди) қилган бўлса, бугун ўзимиз шу ишнинг бошида турибмиз. Яна орамизда эл таниган, эл суйган зиёлилар ҳам борлиги кишини жиддий ўйлатиб қўяди. Ахир, зиёли дегани элни бирлаштирадиган ғояларни ўртага ташламайдими?!.. Бузғунчилик кимга керак, нега керак? Агар зиёли бузғунчи бўлса, элнинг пароканда бўлгани шу эмасми?!
Билмаймизки, томирдаги қонимизда қайси бобомизнинг қони кўпроқ оқаётган экан!
У ёғини суриштирсангиз, Шайбонийхон қурган давлатчиликда темурийларнинг ҳам ҳиссаси бор эди. Ахир, унинг ўзи темурийлар давлатида ёлланма қўшин боши, арбоб бўлиб етишди, кучга тўлди. Яна суриштирсангиз, Шайбоний қонида темурийларнинг қони (Мирзо Улуғбекнинг қизи Робия Султонбегим томонидан) борлигига гувоҳ бўласиз. Буни мен эмас, тарихчиларимиз ёзяпти. Ёки ёлғон ёзяптими? Бундай деб ўйламайман. Ҳатто ёлғон бўлганда ҳам биз Одам Ато ва Момо Ҳавонинг фарзандлари эмасмидик! Нега ота талашяпмиз, бобо талашяпмиз?
Шайбоний ўзбек, айни пайтда туркдир, туркийдир.
Бобур ҳам ўзини “турк” дейди, худди Навоийни “турк” деганидек.
Агар шу миллат, эскида турк, ҳозирда ўзбек деб аталаётган эл униб-ўссин деган инсон бўлса, у ҳеч қачон Бобурни Шайбонийга, Шайбонийни Бобурга қайрамайди. Албатта, тарих қандай бўлган бўлса, шундай ўқиб ўрганиш лозим, бироқ ўқиб ўргангандан тўғри, соғлом хулосалар чиқариш ҳам керак-да, эл ичида фитнага сабаб бўлувчи гаплар нега керак?!
Хўп, Ўрта асрларда икки хон юрт, ҳокимият талашиб урушибди ва бу ўз даври учун нормал иш саналибди, лекин бугун Ўрта асрлар эмас-ку! Бугун барча урушлардан тўғри, соғлом ўгитлар чиқариб, бирлашадиган пайтда бирларимиз Бобур, бошқаларимиз Шайбонийхон тарафида туриб қирпичоқ бўлайликми?
Тушунаман, кимнингдир Шайбонийхонга, бошқа бировнинг Бобуршоҳга муҳаббати бўлиши мумкин ва бу табиий. Лекин симпатия ва антипатияни ичимизда сақлайлик. Бироқ икки кишига сўз айтар эканмиз, сўзимиз элни бўлишга эмас, бирлаштиришга хизмат қилсин!
Жоҳилнинг ўзидан каттароқ душмани йўқ! Аслида, жоҳилга душман керак ҳам эмас.
Томирларда оққан биологик қондан ташқари дунёқараш деган “қон” ҳам бор. Ўзбекистонликларнинг биологик томирида кўпроқ Шайбонийхоннинг қони оқаётган бўлиши мумкин. Лекин дунёқараш деган томиримизда ҳеч шубҳасиз, Мангубердиларнинг, Темурийларнинг, жумладан, Бобурийларнинг ҳам қони жўш уриб оқаётганлигини унутмайлик. Бобурдек улуғини ерга урадиган, уни кўкрагидан туртадиган эл бўлсак, бундай элнинг эртаси ёруғ бўлмайди. Худди шу гапни Шайбонийни ёмон кўрадиганлар учун ҳам айтиш мумкин ва керак. Кимки, бу ишга бош қўшиб, уни тарғиб қилса, бузғунчидир, тузғунчи эмас.
Демак, Шайбоний ҳам, Бобур ҳам менинг бобом, ҳаммамизнинг бобомиз.
Бири Туркистонда улуғ давлат тузган бўлса, иккинчиси дунёга чиқиб, Ҳиндда буюк империя қурди. Биз эса, ҳар икки давлатчиликдан ўрганайлик!
Қолаверса, уларнинг ҳар иккисидан элимиз ва дунёга татигулик маданий ва адабий мерос қолди. Ўлмас мерос!
Биз ўзимизда уларнинг ҳар иккисига суянадиган куч, ирода ва билим топсаккина кучли миллатга айланамиз.
Улуғбек ҲАМДАМ.