Болалар тутатаётган тамаки – жамият учун огоҳлик қўнғироғи

Бугунги кунда маҳалла кўчаларида, кўп қаватли уйлар орасида, мактаб атрофларида тамаки тутатаётган ўсмирларни кўп учратяпмиз. Бу ҳолат нафақат ўқитувчилар ва ота-оналар, балки бутун жамият учун жиддий огоҳлик қўнғироғидир.
Яқинда шундай воқеанинг гувоҳи бўлдим. Кеч пайти ишдан қайтаётганимда, кўп қаватли уйлар орасида бир гуруҳ ўсмирларга кўзим тушди. Тахминан 14-15 ёшлардаги, яъни 8-9 синф ўқувчилари. Ҳар бирининг қўлида сигарет. Секин уларга яқинлашдим.
Улар салом ҳам беришмади. Ўзим “Ассалому алайкум”, дедим. Орасида бир-икки нафари қўлидаги сигаретни яширишга уринди, юзларидан хижолат аломати сезилди. Аммо аксариятининг юз-кўзида бепарволик. Танбеҳ бердим. Китоб ўқишини, яхши инсон бўлишини, ўзларини ҳурмат қилишини айтдим. Аммо бир бола жаҳл билан:
- Сизнинг нима ишингиз бор? - деди тўсатдан.
Шерикларининг айримлари уни қўллаб-қувватлади:
- Бориб уйингизда фарзандларингизга тарбия беринг.
- Бизни тергайдиган, тарбия берадиган ўзимизнинг ота-онамиз бор.
- Ҳа, кўриниб турибди, - дедим хўрсиниб ва сумкамдан телефонимни чиқардим. - Ҳозир сизларни суратга оламан ва уни шу атрофдаги мактаб директорига топшираман.
Болалар қўлларидаги сигаретларни бирин-кетин ерга ташлаб, оёқлари билан эзғилади-да тўрт томонга қараб тарқала бошлади...
Уларнинг гаплари менга оғир ботди. Болалигим ёдимга тушди. Ўша пайтда ота-оналаримиз йўлда катталарнинг олдини кесиб ўтмасликни, ёши улуғларга албатта салом беришни, оила номи, маҳалла шаънини ҳимоя қилиб, кўчада ўзимизни қандай тутишимиз кераклигини ўргатарди. Агар бирор хато иш қилсак, нафақат ота-она, балки маҳалладаги ҳар бир ёши катта киши бизга танбеҳ берган, биз эса уларнинг гапини ҳурмат билан қабул қилганмиз.
Албатта, ҳар замоннинг ўзига хос муаммолари бўлади. Лекин бугунги масалаларнинг асосий сабабларидан бири - фарзандларимизнинг ҳаётида катталар назоратининг, самимий мулоқот ва меҳрнинг камайиб кетганидир. Интернет, смартфон, эркин муҳит…
Болаларнинг онгида ўзини “катта” деб билиш ҳисси эрта шаклланмоқда, аммо бу руҳий ва маънавий баркамоллик билан эмас, ташқи тақлид орқали кечяпти. Тамаки тутатиш бунга яққол мисол.
Фарзанд тарбияси - фақат ота-онанинг эмас, балки бутун жамиятнинг бурчи. Агар бир бола кўчада нотўғри иш қилаётган бўлса, унга танбеҳ бериш - жамиятнинг соғлом келажаги учун курашиш демакдир. Камина ўша болаларнинг ҳаракатини кўриб жаҳлим чиқди, ранжидим. Аммо шу нарсани англадим: уларнинг оиласи, мактаби, маҳалласи, яъни биз уларга етарли тарбия бера олмаяпмиз.
Бугун болаларимиз сигарет тутатяпти. Эртага-чи? Ёмон иллатлар, гиёҳвандлик, ҳуқуқбузарликлар, маънавий бўшлиқ… Бу йўлдаги илк қадамни бола ўзи ташлаётгандек туюлса-да, аслида жамиятнинг сукути, бефарқлиги, назоратсизлиги унга йўл очиб бермоқда.
Эҳтимол, “Нега бефарқ бўлиб қолдик?” деган савол сизу бизни ўйлантирар. Балки айнан шу савол ўша болаларнинг тақдирига ижобий таъсир кўрсатар. Чунки ҳар бир бола - келажак. Уни йўқотиш эса миллатни йўқотиш демакдир.
Фарида Аҳмеджонова,
СамДЧТИ ўқитувчиси.