Бўлган воқеа: Эгри йўлдан қайтган ўғри

Бир йил аввал "Дамас”да янги русумдаги, қимматбаҳо уяли телефонимни ё тушириб қўйдим, ё ўғирлаб олишди. Бировга илтимос қилиб, дарров ўзимнинг рақамимга қўнғироқ қилдим. Бир ёшроқ бола олди...

- Болам, шу телефон меники эди, қайтаргин.

- Йўқ, қайтармайман, мен уни... топиб олдим!

Бола тезда телефонни ўчирди. Сўнг яна қўнғироқ қилдим. Анча ўйлади чоғи, беш-олти бор гудок кетгач, ҳар тугул олди.

- Болам, майли, телефон сенга қолсин-у, лекин сим картамни қайтаргин.

- Майли. Унда сиз марказдаги почта олдидаги телефон будкасига боринг. Унинг юқори қисмига сим картангизни қистириб кетаман.

Бордим. Айтганидек ўша телефон будкасининг юқори қисмига қистирибди. Янги телефонга энди сим картани солган эдимки, қўнғироқ бўлди.

- Ака, сим картангизни олдингизми?

- Олдим.

- Майли, телефон учун раҳмат, ака.

- Болам, майли, телефон сенга бўлсин-у, лекин мабодо бирон кун келиб, уни қайтаргинг келиб қолса, шу рақамни сақлаб қўйгин.

Орадан бир йил ўтди. У телефонни ёдимдан ҳам чиқариб юборгандим.

Бир куни нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди:

- Ассалому алайкум, мен ўша - сизнинг телефонингизни ўғирлаган боламан.

- Ҳа, яхшимисан, болам?

- Ака, мен телефонингизни қайтармоқчиман. Мендан рози бўлинг. Ўшанда залолатда юрган бола эдим. Худога шукр, ёмон йўлдан қайтдим.

Аллоҳ инсоф бериб, намоз ўқишни бошладим. Марказдаги фалон дўконга келсангиз, сизга телефонингизни беришади.

Айтган манзилига бордим. Бир йигит унга кимлигини ошкор қилмаслик шарти билан ушбу омонатни ташлаб кетганини айтиб, телефонимни қўлимга тутқазди.

Давронбек Тожиалиев.