Бўлган воқеа: “Фарзанд - улуғ неъмат, буни ёшинг ўтган сари кўпроқ ҳис этасан”
Ноябрнинг ёмғирли, изғирин кунларидан бири эди. Илҳом ака билан машинада кетаётгандик. Йўл четида яёв бораётган ўсмир бола кўринди. Бирдан Илҳом ака “Шу боланинг ёнига тўхтатинг”, деб қолди...
Бу ўсмир Илҳом аканинг илк турмушидан (ажрашиб онаси билан қолган) ўғли эди. Юпун кийинган экан, кийимлари ҳўл, бошяланг ёмғирда шумтираб қопти. Кўришмаганига анча бўлган шекили, ота-бола қуюқ саломлашишди. Илҳом ака ўғлини олдида ўзини худди айбдордек ҳис қилди. Ҳол-аҳвол сўрашиб жуда хижолат бўларди.
- Нега қалинроқ кийинмадинг, шамоллаб қоласан-ку бунақада, - деди ўғлини бу аҳволда кўриб уялдими ёки раҳми келдими? Сўнг ўзи кийиб турган курткасини шарт ечиб, қаршилик қилишига қарамай ўғлига кийдириб қўйди.
- Менда бошқа бор, буни сен киявер, иссиқ кийиниб юргин, - деди. Бирор километрлар юргач, бола машинадан тушиб қолди. Хайрлашишди.
Йўлда кетарканмиз Илҳом ака:
- Бошим осмонга етгудек хурсанд бўлганимдаям, шу ўғлимни кўрсам ёки эсласам «ерга тушиб қоламан» - деди.
- Ўзи нимага ажрашгансизлар? – деб сўрадим.
Илҳом ака:
- Хотиним ёмон эмас эди, шунчаки мен бошқасини севардим. Ота-онамни қистови билан унга уйлангандим. Шунда ҳам яшаб кетишимиз мумкин эди. Лекин севганим билан кўпроқ бахтли бўламан деб ўйлагандим. Ўша вақтлар севгим олдида шу ўғлим ҳам кўзимга кўринмаган. Ёш ўтган сари эса фарзанд қанчалар улуғ неъмат эканлигини хис этаркансан киши. Фарзанд неъмати олдида севги, муҳаббат каби нарсалар, ёшликдаги ўтгинчи ҳою-ҳавасдек туюлиб бораркан. - деди.
Нима дейишни ҳам билмайман. Узоқ жим кетдик.
Дилшодбек Нурматов.